Ҳаққуш – қарқаралар оиласига мансуб қуш. Жанубий Европа, Осиё, Африка, Шимолий Ва Жанубий Америкада тарқалган. Ўзбекистоннинг Амударё ва Сирдарё воҳаларида учрайди. Танасининг узунлиги 60 см га яқин. Қаноти 26-30 см; қора-оқиш ёки кулранг, металлдек ялтирайди. Етук Ҳаққушнинг бошида 3-4 та узун, ингичка патдан иборат кокили бор. Дарё, кўл ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоғида яшайди. Асосан, тунда фаол; колония бўлиб, дарахтларга уя қуради. 4-5 та тухумни нари ва модаси навбатлашиб 21-22 кун босади. Балиқ, бақа, майда умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади.