Haritat III
Ҳаритат ИИИ (наботий тилида Ҳаритат; милоддан аввалги 85—62/60-йиллар) – ҳозирги Иордания ҳудудидаги Наботийлар давлати (Наботия ёки Набатея) ҳукмдори. Дамашқ шаҳри ва Сурия жанубини эгаллаб, Наботийлар давлати ҳудудини кенгайтиришга ҳаракат қилган. Ҳукмронлигининг сўнгги даврида Рим билан курашади ва Римнинг вассалига айланади[1].
| Ҳаритат ИИИ | |
| Ҳаритат | |
| Наботийлар давлати (Наботия ёки Набатея) подшоҳ | |
| Ҳукмронлигининг бошланиши: | тахминан милоддан аввалги 85-йил |
|---|---|
| Ҳукмронлигининг тугаши: | тахминан милоддан аввалги 62—60-йиллар ораси |
| Ўтмишдош: | Рабил ИИ |
| Ворис: | Ободат ИИ ёки Малику И |
| Туғилган санаси: | милоддан аввалги ИИ аср |
| Вафот санаси: | милоддан аввалги 62—60-йиллар |
| Дафн жойи: | Петра |
| Фарзандлари: | Ободат ИИ (ўғли), Кипр (қизи) |
| Сулола: | Наботийлар |
| Отаси: | Ободат И |
Ҳукмронликнинг бошланиши
Манбалардаги маълумотларнинг аниқ ва етарли эмаслиги туфайли Наботийлар давлати подшоҳлари ва уларнинг ҳукмронлик йиллари ҳақида маълумотлар кам. Милоддан аввалги 87—86-йиллар наботийларга Ободат (Убайда) І нинг ўғли Рабил ІІ подшо бўлган бўлиши мумкин. Унинг вафотидан сўнг милоддан аввалги 85-йилда Ҳаритат ІІІ тахтга ўтиради.
Ҳукмронликнинг дастлабки даври
Ҳаритат ИИИ отаси Ободат І сиёсатини бирмунча муваффақиятли давом эттирган. Ҳаритат ИИИ Петрадан Эйлатга борадиган йўлда Авару шаҳрига асос солди[2]. Шу пайтда Деметрий ИИИ нинг укаси Антиох Дионисий Иудеяни кесиб ўтиб, наботийлар билан урушажаги маълум бўлиб қолди. Салавкийлар Александр Яннай қурдирган тўсиқларни яксон қилиб, Наботияга бостириб кирдилар. Аммо уруш узоқ давом этмади. Антиох Кана қишлоғи яқинида юз берган жангда ҳалок бўлди ва Ҳаритат ИИИ қўшини ғалаба қозонди. Бу воқеа вазиятни батамом ўзгартириб юборди. Бу воқеадан кейин Дамашққа йўл очилади ва Ҳаритат ІІІ Дамашқ шаҳрини ва Суриянинг бир қисмини ишғол қилди[3]. Энди Наботийлар давлати емирилаётган Иудеяни жанубдан ва шарқдан ўраб олганди. Иудеядаги ички низолардан хабардор бўлган Ҳаритат ІІІ уни босиб олди. Милоддан аввалги 82-йилда Хадида деган жойда юз берган тўқнашувда Иудея қўшини тор-мор бўлди ва Александр Яннай сулҳ тузишдан бошқа илож топа олмади. Иудея учун оғир шартларда сулҳ тузилгач, Ҳаритат ИИИ ўз қўшини билан ортга қайтиб кетди. Аммо кейинчалик Александр Яннай Суриянинг жануби ва Ўрта ер денгизининг жануби-шарқий қирғоқлари устидан ҳокимиятини тиклаб олди ҳамда Ҳаритат ИИИ томонидан босиб олинган барча ерларни бутунлай қайтариб олди.
Иудея ички ишларига аралашиши
Одатда, Иудеядан қочган сиёсий арбоблар Наботияда паноҳ топардилар. Александр Яннай, сўнг унинг рафиқаси Александра вафот қилишгач, уларнинг икки ўғли ўртасида ҳокимият учун кураш бошланади. Иудея ҳар хил сиёсий гуруҳларга бўлиниб кетади. Уларнинг ичида энг кўзга кўрингани – Гиркан бошлиқ „фарисейлар“ ва Аристобул бошлиқ „саддукейлар“ гуруҳлари эди. Аристобул ёлланган қўшинларга таяниб, акаси Гирканни тахтдан қулатди. Гиркан ёрдам сўраб, дўсти Антипатерни Петрага Ҳаритат ИИИ қароргоҳига жўнатади. Ёрдам эвазига Гиркан отаси Александр Яннай босиб олган 12 шаҳарни Наботийларга қайтиб беришни ваъда қилади. Ҳаритат ІІІ бу таклифни қабул қилиб, Иудеяга жуда катта қўшин (50 минг кишилик) тортади. Аристобул ўз тарафдорларидан айрилиб, якка қолгач, Қуддусга қочади. Ҳаритат ИИИ наботий-яҳудий бирлашган қўшини бошида милоддан аввалги 65-йилнинг баҳорида Қуддусни қамалга олди. Эртами-кечми Қуддус таслим бўлиши муқаррар бўлиб турган бир пайтда воқеалар жараёни яна батамом ўзгариб кетди[4].
Рим билан алоқалар
Рим императори Гней Помпей Сурия ва Дамашқни ишғол қилди, унинг қўли остидаги қўмондонлардан бири Скавр эса Фаластинга бостириб кирганди. Римликлар Аристобул томонини олдилар. Римликлар Ҳаритат ИИИ дан зудлик билан Қуддус қамалини тўхтатиш, бутун қўшини билан дарҳол кетишини талаб қилади. Ҳаритат ИИИ Гиркан билан бирга чекинди. Фурсатдан фойданган Аристобул, Скавр қўшинларининг мададида наботийларни таъқиб қилиб, Папирон деган жойда ғалаба қозонди. Шундан сўнг Скавр Дамашққа қайтиб кетди. Милоддан аввалги 64-йилда Сурия Рим империясининг провинсиясига айланиши Наботийлар давлатининг сиёсий аҳволини кескин ёмонлаштирди. Скавр Наботийлар давлати пойтахти Петра шаҳрига ҳужум қилди, аммо шаҳарни эгаллай олмади. Қирғинни тўхтатиш учун Антипатер икки томон ўртасида воситачилик қилди. Натижада сулҳ тузилиб, Ҳаритат ИИИ ўлпон тўлади ва Наботийлар давлати устидан Рим империяси васийлигини тан олди[5].
Ворис муаммоси
Ҳаритат ИИИ милоддан аввалги 62—60-йиллар орасида вафот этган. Унинг вафотидан кейин мавжудлиги тўлиқ исботланмаган Ободат ИИ (Убайда)дан кейин тахтга ўтирган бўлиши мумкин. Агар Ободат ИИ мавжуд бўлмаган бўлса, ундан кейин тахтга Малику И ўтиради[6].
Манбалар
- ↑ Ҳасанов А. Қадимги Арабистон ва илк ислом: И китоб. Жоҳилия асри. – Тошкент: „Тошкент ислом университети“, 2001. 100–102–бетлар.
- ↑ Али. Тарих ал–Араб. ж. ИИИ. 30–бет.
- ↑ Нофиъ, Тарих ал–Араб. 87–бет.
- ↑ Ҳасанов А. Қадимги Арабистон ва илк ислом: И китоб. Жоҳилия асри. – Тошкент: „Тошкент ислом университети“, 2001. 101–бет.
- ↑ Ҳасанов А. Қадимги Арабистон ва илк ислом: И китоб. Жоҳилия асри. – Тошкент: „Тошкент ислом университети“, 2001. 101–102–бетлар.
- ↑ Ҳасанов А. Қадимги Арабистон ва илк ислом: И китоб. Жоҳилия асри. – Тошкент: „Тошкент ислом университети“, 2001. 102–бет.