Ҳайз (ҳайз сикли, ой кўриш ёки менструация) — балоғатга етган қиз болада ва бола туғиш ёшидаги аёлларда ҳар 26—29 кунда, баъзан 21—24 кунда (қисқа сикл) содир бўладиган биологик жараён. Ҳайз сиклида асосан тухумдон ва бачадонда ўзгариш рўй бериб, бачадондан маълум миқдорда қон кетади. Ҳайз кўриш марказий нерв системаси (бош мия пўстлоғи, гипоталамус, гипофиз) томонидан бошқарилади.

Гипоталамус — бош миянинг асосий қисми, ички аъзолар ишини бошқариб, тартибга солиб туради, у ажратган нейрогормонлар гипофиз функсиясини кучайтиради. Гипофиз ҳам, ўз навбатида, ички секреция безлари, хусусан жинсий безлар (тухумдон) функсиясини кучайтирадиган гормон ишлаб чиқаради. Тухумдонда гипофиздан ажраладиган гормонлар таъсирида тухум ҳужайрали фолликула (грааф пуфакчаси) ўсади ва ривожланади. Фолликула етилаётганида бачадонга бевосита таъсир этадиган махсус жинсий гормонлар (эстрогенлар) ажратади. Фолликула етилгач ёрилиб, ундан етилган тухум ҳужайра чиқишига овулясия жараёни дейилади. Ёрилган фолликула ўрнида сариқ тана — ички секреция бези ҳосил бўлади, сариқ танадан прогестерон гормони ажралади.

Прогестерон ва эстрогенлар таъсирида бачадон шиллиқ қавати қалинлашади, унинг қон томирлари кенгайиб, қон билан тўлади. Агар аёлнинг бўйида бўлмаса, яъни тухум ҳужайра сперматозоид билан қўшилмаса, сариқ тана нобуд бўлади, бачадон шиллиқ қаватининг функсионал қисми парчаланиб кўчади ва ҳайз кўрилади. Кейинчалик шиллиқ қават юзаси аста-секин битиб, асл ҳолига қайтади. Шундай қилиб, тухум-ҳужайра етилиши даврий равишда (ҳар 21—25 кун, кўпроқ 28 кунда) такрорланиб туради.

Ҳайз жараёни

Қиз боланинг биринчи ҳайз кўриши, унда иккиламчи жинсий белгилар (кўкрак бези тўлишади, қов усти ва қўлтиқда тук ўсиши ва бошқа белгилар) етилганидан кейин бошланади, яъни балоғатга етиш содир бўлади. Биринчи ҳайз қўриш муддати қиз боланинг соғлиғи ва турмуш тарзига, шунингдек, турар жойи ва иқлимга боғлиқ. Қизларнинг ҳайз кўриши кечикса (15— 16 ёшгача), албатта, аёллар маслаҳатхонасига учрашиши ва тегишли маслаҳат олиши лозим. Ойлик қон келиши аёл организмининг (қиз боланинг) хусусиятларига боғлиқ. Ҳайз кўриш муддати бошида ўзгарувчан бўлиб, кейинчалик аниқ бир вақтга тўгри келади. Кўпчилик аёлларда ҳайз маълум кунларда бошланиб, доим бир текис, оғриқсиз кечади, аёлнинг умумий аҳволи деярли ўзгармайди, улар одатдаги юмушларини бажараверишлари мумкин, аммо ортиқча толиқмасликлари, жисмонан зўриқмасликлари, гигиена қоидаларига риоя қилишлари керак. Ҳайз кўриш вақтида баъзи аёлларнинг кайфияти бузилиб туради, бўшашади, сут безлари дағаллашади. Ҳайз кўриш сиклининг ўзгариши организмда бирор-бир касаллик борлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳар бир аёл махсус ҳайз календари (ойномаси) тузиши ва унга ҳайз куни, муддати ва бошқа маълумотларни мунтазам қайд қилиб бориши лозим, шундай қилинса, ҳайз кўриш сиклининг бузилишини ўз вақтида аниқташ мумкин. Ҳомиладорлик ва баъзан бола эмизиш даврида аёл ҳайз кўрмайди. Аёлнинг бўйида бўлмаган даврида қон кўрмай қолиши (аменорея) ёки аҳёнда бир оз қон келиши (гипоменструал синдром), бир неча кун кўп қон келиши (меноррагия), унинг оғрикли бўлиши (алгоменорея), шунингдек, ҳайз қонидан ташқари бачадондан қон кетиши (метроррагия) бирор касалликдан дарак беради, уни ўз вақтида аникдаб даволаш талаб этилади. Бундан ташқари, айрим аёлларда ҳайз кўриш олди ҳолати кузатилади; бунда аёл бўшашади, кайфияти ўзгаради, сут безлари дағаллашади, боши айланади, уйқуси бузилади, юраги ўйнайди, баъзан юрак соҳасида оғриқ пайдо бўлади. Аёл организмининг нормал функсионал ҳолати турмуш тарзининг бекаму кўст бўлишига, қизларни ёшлигидан бошлаб тўгри тарбиялаш ва парвариш қилишга боғлиқ. Бу гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, организмни чиниқтириш, яхши овқатланиш, меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, жисмоний машқларни бажариш, инфексион касалликлардан сақланиш, агар касаллик рўй бергудек бўлса, ўз вақтида даволатишдан иборат. Шуни назарда тутиш керакки, қиз бола организми ҳайз кўргунча унга аста-секин тайёрланиб боради, бунда организмнинг бир-бири билан боғлиқ бўлган аъзо ва системалари (ички секреция безлари, юрак-томир, нерв системаси ва ҳоказо) иштирок этади, бу мураккаб жараённинг ҳаммаси ҳайз сиклининг нормал кечишида муҳим рол ўйнайди. Қиз бола организми балоғатга етиш даврида ҳиссиётга тўла, турли ноҳуш омилларга нисбатан ўта таъсирчан бўлади.

Маслаҳатлар

Асабий ва руҳий бузилишлар, турмушдаги нохушликлар, жисмоний ва ақлий жиҳатдан толиқиш, шунингдек, айрим инфексион касалликлар ҳайз сиклининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бу даврда қиз бола билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб муомала қилиш, жанжаллашмаслик, ўта толиқишга йўл қўймаслик зарур. Қизлар биринчи бор ҳайз кўрганида бу ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаса жуда ҳаяжонланади. Шунинг учун қиз болани ҳайз кўришига олдиндан тайёрлаб бориш лозим. Ҳайз функсиясининг бузилиши ва бошқа гинекологик касалликларнинг олдини олишда ҳайз кўриш вақтидаги гигиена қоидаларига амал қилиш зарур. Ванна қилиш, чўмилиш тавсия этилмайди, гигиеник душ қабул қилиш мумкин. Жисмонан зўриқтирадиган машқлар билан шуғулланмаслик керак[1].

Манбалар

Ҳаволалар