Hid bilish
Ҳид билиш — одам ва ҳайвонлар бурун бўшлиғининг юқори қисмида жойлашган махсус сезги аъзолари (ҳид билиш рецепторлари) орқали ҳидларни сезиш. Ҳайвонларда ҳид билиш овқат қидириш, йўл топиш, аниқ жойни белгилаш, қарамақарши жинсни излаш, шунингдек, билиш воситаларидан бири ҳисобланади ва ҳоказо. Одамларда ҳид билишнинг аҳамияти ҳайвонлардагига қараганда камроқ, бироқ ҳид билишнинг йўқолиши одам учун азоб ҳисобланади (қаттиқ тумов бўлганда овқатнинг қанчалик бемаза туйилишини эслаб кўрайлик). Ҳид билмайдиган одамлар кўпинча овқатдан заҳарланиши мумкин, чунки бирор овқатнинг сифатлилигини ҳидидан била олмайди. Ҳар бир одамда кўпгина ҳиссиётлар ҳидни сезишга боғлиқ бўлади. Ёмон ҳид кайфиятни бузиши, яхшиси кўтариши мумкин.
Ҳидларни буруннинг шиллиқ пардасида жойлашган махсус рецепторлар сезади, у ерда бор-йўғи 5— 10 см 2 жойда тахминан 50 млн алоҳида ҳид сезувчи рецепторлар бўлади. Бунда ҳар бир рецептор юзаси ниҳоятда майда ўсимталар ҳисобига кўп марта ортади.
Шиллиқ парда юзасида жойлашган ҳид билиш рецепторлари шу ҳужайралар ажратадиган шиллиқ модда билан доимо намланиб туради. Ҳидли моддалар ҳаво билан бурун бўшлиғига тушади, шиллиқда эрийди ва рецепторларни таъсирлайди, у ердан ҳид ҳақидаги ахборот ҳид билиш нерви орқали бош мияга ўтказилади, бош мияда эса бизнинг ҳид ҳақидаги (унинг ўткирлиги, сифати ва бошқалар) таассуротимиз шаклланади. Ҳид билиш анализаторлари хилма-хил ҳидли моддалар турларини фарқлай олади. Изқувар ит, мас, ҳидга қараб кўпчилик одамлар ичидан маълум биттасини топа олади, яъни ҳар бир одам, ҳар бир ҳайвон фақат ўзига хос ҳидга эга. Ҳид билиш хусусан баҳорда ва ёзда, айниқса иссиқ нам ҳавода, шунингдек, ёруғликда қоронғидагига қараганда ўткир бўлади. Рецепторларнинг ҳидли моддалар билан узоқ вақт таъсирланиб туриши шу ҳидга ўрганиб қолишга олиб келади, кейин одам бу ҳидни сезмайдиган бўлиб қолади. Бир ҳидга бошқаси таъсир қилгандан кейин ҳидлар аралашиб, ўзгача ҳидга айланиши натижасида одам ҳидга ортиқча сезгир бўлиб қолиши мумкин.
Ёш ўтиши билан ҳид билиш ҳам сусаяди. Ҳид билиш нинг бузилиши — ҳид билмаслик (аносмия), турли ҳидларга сезувчанликнинг ортиши (гиперосмия), бурун шиллиқ пардалари касалликлари (тумов), бош мия айрим бўлакларининг ўсмаси ва шикастланиши баъзи бир психик касалликларда учрайди (бундай ҳолларда ҳид билишга одатда ҳидларни сезиш галлюцинацияси қўшилади). Баъзи ҳомиладор аёлларда ҳам ҳид билмаслик ҳолати кузатилади.
Ҳид билиш пасайганда ёки йўқолганда дарҳол врачга мурожаат қилиш ва сабабини аниқлаш зарур.
Яна қаранг
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |