Himolay

Ҳимолай (санскритча ҳималая — қорлар макони) — Ер шаридаги энг баланд тоғ системаси, Ҳиндистон, Хитой, Непал, Бутан ва Покистон ҳудудларида, шим.да Тибет тоғлиги билан жан.да Ҳиндганг текислиги оралиғида жойлашган. Уз. 2400 км дан зиёд, эни 350 км гача. Тизмаларининг ўртача бал. 6000 м, энг баланд жойи 8848 м (қаранг Жомолунгма чўққиси). 11 та чўққисининг баландлиги 8000 м дан зиёд. Ҳимолай аниқ морфологик ва табиий географик чегараларга эга: шимолида Ҳинд ва Сангпо (Браҳмапутра) дарёлари юқори оқимларининг кўндаланг тектоник водийлари, шим.-ғарбида Ҳиндураж тизмаси, шарқида Браҳмапутра дарёси дараси. Ҳимолай — Марказий Осиё чўллари ва Жан. Осиё тропик ланд-шафтлари ўртасидаги йирик орографик, иқлим ва флора тўсиғи ҳисобланади.
Ҳимолай Ҳиндганг текислигидан 3 йирик поғона шаклида тик кўтарилган. 1-погона дарёлар даралари билан кучли парчалаб юборилган Сивалик (Олд Ҳимолай, ўртача баландлиги 900–1200 м) тизмасидан иборат. 2-поғонадаги алоҳида тоғ мас-сивлари ва тизмалардан иборат Кичик (Паст) Ҳимолай тоғлари 3-поғонадаги Катта (Баланд) ёки Бош Ҳимолай тизмасидан тоғ оралиғи ботиқлари ва қад. музлик сойликлари (Катманду, Сринагар ва бошқалар) билан ажралган. У ҳам ўз навбатида Ас-сом, Непал, Панжоб тизмаларига ажралади. Музлик кўп (майдони 33 минг км²). Ҳимолай алп орогенези даврида шаклланган бўлиб, жанубий тоғолди қисми қум-тош ва конгломератлардан, туб ён бағир ва ўқ қисми гнейс, кристалли сла-нец ва метаморфик жинслардан тузилган. Фойдали қазилмалардан Кичик ва Катта Ҳимолайда магматик ва метаморфик жинслар мажмуи билан боғлиқ равишда мис, олтин, хромит, сапфир конлари бор. Ҳимолай тоғолди букилмасида нефт ва газ конлари аниқланган.
Ҳимолай Ҳиндистоннинг экваториал муссонлари билан Марказий Осиёнинг кон-тинентал ўлкаси ўртасидаги кескин иқлим чегарасидир. Ҳимолай ғарбий сектори иқлимига температуранинг кескин тебраниши, кучли шамоллар хос. Қиши совуқ, январ нинг ўртача температураси —10°, —18°, 2500 м дан баландда қор бўронлари бўлади. Ёзи илиқ, июлнинг ўртача температураси 18° атрофида, қуруқ. Ёғин миқдори сик-лонларга боғлиқ бўлиб (йилига тахминан 1000 мм), водий ва сойликларда тоғ ён бағирларига нисбатан 3—4-марта кам ёғади.
Ҳимолай ғарбида 1800–2200 м баландликда Ҳиндистоннинг кўплаб иқлим курортлари жойлашган. Шарқий қисми муссон режимли нисбатан иссиқ ва нам иқлимли. Ёзда 1500 м дан баланд ён бағирларда температура 35°, водийларда 45° гача кўтарилади. Ёмғир деярли тўхтамай ёғади. Жанубий ён бағирларнинг ғарбида 2500 мм дан шарқида 5500 мм гача, ички раёнларда 1000 мм чамасида ёғин тушади. Ҳимолайнинг шимолий ён бағирларига совуқ тоғчўл иқлими хос. температуранинг суткалик амплитудаси 45° гача, йиллик ёғин 100 мм чамасида.
Дарё ва сойлар, асосан, Ҳимолайнинг жанубий ён бағирларида кўп бўлиб, юқори қисмида қор ва музликлардан, қуйи қисмида ёмғир сувларидан тўйинади. Водийлари чуқур ва тор, шаршара ва остона кўп. Тектоник ботиқларда ёки пастқам жойларда музликларнинг эришидан ҳосил бўлган кўллар, асосан, Ҳимолайнинг ғарбий қисмида жойлашган. Энг узун музликлар Жомолунгма ва Канчен-жангада. Музликларнинг қуйи чегараси Кашмирда 2500 м, марказий қисмида 4000 м.
Ҳимолайнинг ландшафти турли-туман. Баландлик минтақаси аниқ кўринади. Тоғ этаклари ботқоқлашган чангалзор — тераялардан, 1000–1200 м баландликкача шамолга рўпара ён бағирларда ва дарё водийларида доим яшил сернам тропик ўрмонлар, 1200–1500 м да доим яшил кенг баргли ўрмонлар минтақаси, 2200 м дан юқорида мўътадил минтақанинг барг тўкувчи ва игна баргли ўрмонлари, 2700– 3600 м да игна баргли ўрмонлар, 3600–5000 м, баъзи жойларда 6000 м гача субалп ва алп ўтлоқлари мин-тақалари мавжуд. Ғарбий ён бағирларида сийрак ксерофит ўрмонлар ва бутазорлар, барг тўкувчи муссон ўрмонлари, 1200–1500 м дан Ўрта денгиз бўйига хос субтропик турлар тарқалган. Шимолий ён бағирлари тоғ-чўл ландшафтлари — сийрак қуруқ ўт ва буталар, дарё водийларида тераклар ўсади. 5000 м дан юқориси гляциал-нивал минтақа. Тупроқлари қорабалчиқли ботқоқ, қизил-қўнғир, ўрмонқўнғир, қўнғир-чала подзол ва тоғ ўтлоқи тупроқлар. Тоғ ён бағирларининг қуйи қисмида, тераяларда йирик сут эмизувчи ҳайвонлар — фил, каркидон, буйвол, қобон, антило-па; йиртқичлардан йўлбарс, қоплон; маймунлар яшайди. Қуш турларига бой. Шимолий ён бағирларида тибет фау-наси — ҳимолай айиғи, ёввойи эчки, архар, қўтос ва кемирувчи кўп. Ён бағирларида 2500 м гача деҳқончилик қилинади. Плантация хўжалиги ривожланган. Суғориладиган террасаларда шоли экилади. Шимолий Ҳимолайда 4500 м баландликкача арпа экилади. Ал-пинизм (асосан, Непалда) тараққий этган.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |