Ҳинд


Жойлашуви
Давлат


Ҳинд (санскритча Синдху, пушту тилида Абба-Син — дарёлар отаси) — Хитой, Ҳиндистон ва Покистондаги дарё. Узунлиги 3180 км, ҳавзасининг майдони 980 минг км2. Кайлас тизмаси (Тибет тоғлиги)дан, 5300 м баландликдан бошланади. Юқори оқимида чуқур тектоник водийда қояли даралар ҳосил қилиб, ўрта ва қуйи қисмида Ҳиндганг текислигининг ғарбий қисмидаги кенг водийда ирмоқларга бўлиниб оқади ва Арабистон денгизига делта (майдони 8 минг км²) ҳосил қилиб қуйилади. Асосий ирмоқлари: ўнгдан — Гилгит ва Кобул, чапдан — Сатлаж. Ҳинд тоғларда эриган қор-музлик сувларидан, қолган қисмида муссон ёмғирларидан тўйинади. Баҳор ва ёзги тўлинсув даврида сув сатҳи тогларда 10–15 м, текисликларда 5– 7 м гача кўтарилади. Сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида дарё ўзани катта масофада марзалар билан ўралган. Ҳайдаробод шаҳри яқинида сув сарфи 3850 мУсек., энг юқориси 30 минг м³/сек. дан зиёд. Қуйи оқимида сугоришга кўп сув сарфланиши ва буғланиши натижасида суви камаяди. Қурғоқчил йиллар қуйи оқимида Арабистон денгизигача етиб бормай, баъзан қуриб қолади. Дарё йилига 450 млн. т оқизиқ келтиради. Ҳинд ҳавзасида 11 млн. га ер суғорилади. Кўплаб тўғон ва бошқа ирригация иншоотлари қурилган. Кобул дарёси қуйилган жойдан бошлаб вақт-вақти билан кема қатнайди. Ҳинд бўйида Ҳайдаробод, Суккур шаҳарлари, делтаси яқинида Карочи денгиз порти жойлашган.