Hodi Toqtosh
Ҳоди тоқтош (тахаллуси; асл номи Тоқтошев Ҳоди Хайруллаевич) (1900.20.12, Тамбов губернияси Спасское қишлоғи — 1931.8.12, Қозон)— татар шоири. Тирикчилик ташвиши билан 1915-йилда Бухорога кўчиб келиб, 1917-йил воқеаларига қадар шу ерда яшаган. 1921-йил Туркистон қўшинлари таркибида Тошкентда хизмат қилган, айни пайтда қисқа муддат Коммунистик университетда татар тили ва адабиётидан дарс берган. 1922-йилда Оренбургга бориб, "Йўқсиллар сўзи" газ.да ишлаган. Сўнгра Қозонга қўчиб борган ва қизғин адабий фаолият билан машғул бўлган.
Ижоди 1918-йилда бошланган. У Шарқ романтик шеърияти анъаналари руҳида "Азроиллар" (1916), "Ўлдирилган пайғамбар" (1918), "Унутилган қасам" (1921) сингари шеърлар, "Ер ўғлонлари" (1922) шеърий трагедиясини ёзган. Ҳ.Т.нинг "Сиркида овули", "Довулдан сўнг" (1924), "Мукамай" (1929) достонлари, "Тонг шабадаси" (1928—29) тугалланмаган романи ва бошқа асарларида 20-йиллардаги инқилобий воқеалар ўз аксини топган. Шоирнинг "Муҳаббат тавбаси" (1927), "Алсу" (1929) дос-тонлари ва "Йўқолган гўзаллик" (1928) драмасида ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалалар кўтарилган. Татаристонда жамоалаштириш кампаниясининг ўтказилиши мавзусига бағишланган "Комил" (1930) драмаси ўз даврида татар драматургиясининг тараққиётига катта таъсир кўрсатган.
Ҳ.Т. татар шеъриятига янги мавзулар билан бирга янги оҳанглар олиб кирган, қофия имкониятларини кенгай-тириб, татар адабиётини янги шеърий шакллар билан бойитган.
Ҳ.Т. Ғафур Ғулом, Ғайратий, Амин Умарий, Шокир Сулаймон ва бошқа ўзбек шоирлари билан ижодий алоқада бўлган. Унинг "Келажакка хатлар" (1931) достони ва бир неча шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |