Hoji Muin
Ҳожи Муин (1883–1942) – миллий уйғониш даври Самарқанд адабий муҳитининг самарали ижод этган истеъдодли вакили, журналист, шоир, драматург ва таржимон.
Хаёти
Ҳожи Муин 1883-йил 19-мартида Самарқанд шаҳрининг Рухобод мавзеида туғилган. Эски мактабда савод чиқарган. Мадрасада Саидаҳмад Васлийдан таълим олган. Рус тилини, Европа маданиятини мустақил ўзлаштирган. 1901-йилдан ўқитувчилик фаолияти бошланади. 1903-йили ўз маҳалласида „усули жадид“ мактаби очган. Ушбу мактаб учун 1908-йили „Раҳномаи савод“ номли алифбо нашр эттирган. 1913-йилдан Беҳбудийнинг „Самарқанд“ газетасида ва „Ойна“ журналида ишлай бошлайди. 1914-йили „Тарбият“ номи билан ўз уйида хусусий „усули жадид“ мактаби очган.
Ижоди
Ҳожи Муин 10-йиллардан бошлаб ўзбек ва тожик тилидаги шеър ва мақолалари билан матбуотда кўрина бошлайди. 1914-йили „Гулдастаи адабиёт“ шеърий тўплами босилиб чиқади.
Фаолияти
1916-йили Ҳожи Муин кўплар қатори мардикорликка олиниб, фронт орқасидаги қора ишларга юборилади. 1917-йил майида Феврал воқеалари берган имконият туфайли она юртига қайтади, матбуотда ишлай бошлайди. Фитрат билан бирга „Ҳуррият“ газетасида ишлади. 1918-йил 11-июнида „Меҳнаткашлар товуши“ газетасини йўлга қўйди. Унда мас’ул муҳаррир бўлиб ишлади. Унинг ташаббуси билан ушбу газетага илова сифатида 1920-йилнинг 1-январидан „Таёқ“ номли кулгили журнал таъсис этилади. 1922-йилдан „Зарафшон“ газетасининг таҳрир ҳай’атида ишлайди. 1924-йилнинг 1-июнида самарқандлик истеъдодли ҳажвчи ёшларнинг бутун бир авлодини тарбиялаб этказган „Машраб“ кулгили журналига асос солади. 1926-йили „Овози тожик“ газетасига адабий ходим ва мусаҳҳиҳ бўлиб ўтади, унинг қошида чиқа бошлаган „Мулла Мушфиқий“ ҳажвий журналида мас’ул котиб вазифасини бажаради. Севган иши ўқитувчиликни ҳам давом эттиради.
1929-йили аксилшўровий фаолиятда айбланиб, олис Сибирнинг Карек округ Пугачан раёнига сургун қилинади. Адиб ўз ватанига 1932-йилда қайтиб келади. Ўзбекистон давлат нашриётининг тожик бўлимида адабий ходим ва таржимон бўлиб ишлайди. 1934–37-йилларда „Қизил юлдуз“ номли ҳарбий газетада хизмат қилди. Яна шўро ҳукумати томонидан айбланиб, 10 йилга ҳукм қилинади ва 1942-йил 21-июлида Перм областининг Соликамск шаҳрида вафот этади. Адиб 1963-йилда оқланди.
Асарлари
„Ижодий таржимаи ҳолим“ (1937) рисоласида 1907–1937-йиллар давомида 23 хил газета ва журналда адабий, илмий ва ижтимоий мавзуларда 200 мақола, 400 турли хабарлар, 1500 га яқин ўзбекча тожикча шеърлари босилганини хабар қилади, асарларининг тўла рўйхатини келтиради. Асосий асарлари: „Шеърлар тўплами“-1400 мисраъ, „Эски ва бирмунча янги шеърлар тўплами“-1500 мисраъ, „Алфози мутародифа“ (арабча-форсча-туркча-ўзбекча луғат), „Ўзбекча мақоллар“, „Тожикча мақоллар“, „Таржимаи аҳвол“ (мақолалар тўплами), „Танқидий мактублар“, „Алифболар таърихчаси“. Адибнинг „Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига оид материаллар“, „Тараддудоти завжот“ („Кўп хотин олиш“), „Хотираларим“ асарлари тугалланмай қолган.
Саводсизликни тугатиш учун кураш йилларида „Ўқитғувчи“(1925), Тожикистон халқ маорифи комиссарлигининг топшириғига кўра Исматулла Раҳматуллазода билан ҳамкорликда тожикча „Раҳбари бесаводон“(1925) номли алифболар тузади.
Драмалари
Ҳожи Муин драматург сифатида 7 драма ёзди. „Жувонбозлик қурбонлари“, „Бой ила хизматкор“, „Қози ила муаллим“ песалари сақланган эмас. Қолганлари: „Тўй“ (Нусратулла Қудратулла ўғли билан ҳамкорликда), „Эски мактаб-янги мактаб“, „Мазлума хотин“, „Кўкнори“ ўз даврида нашр қилинган.
Таржима асарлари
Ҳожи Муин таржимон ҳамдир. Туркчадан „Хулосаи қавоиди форсий“ни, форсчадан „Бухоро саёҳати“ (Фитрат)ни ўзбек тилига таржима қилган. „Чақирилмаган қўноқ“ ҳикояси чоп этилмаган асарлари сирасига киради. Бу асарларнинг айримлари йўқолган.
1915-йили Ҳожи Муин бошланғич мактабларнинг 3-синфи учун замондош Туркистон шоирлари шеърларидан „Янги адабиёт“ мажмуасини тузади. У журналист сифатида юзлаб мақолалар қолдирди. Уларнинг қамрови кенг: оддий хабардан адабий-биографик очерккача, луқмадан долзарб ижтимоий-сиёсий муаммоларни кўтариб чиққан мунозарагача бор.
Жаҳолатни қоралаш, илм-маърифатни улуғлаш, миллий озодлик ва мустақиллик ғоялари Ҳожи Муин асарларининг лейтмотивини ташкил этади.
Шоир ижодига назар
Ҳожи Муин ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш билан ЎзМУ олимлари профессор Б. Қосимов ва доцент Ш.Ризаэв шуғулланиб келадилар. Б. Қосимовнинг „Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик“ китобида Ҳожи Муинга алоҳида тўхталинган. Ш. Ризаэв 1997-йили адибнинг „Эски мактаб, янги мактаб“, „Мазлума хотин“, „Кўкнори“, „Тўй“ каби драмаларини нашр эттирди.
Нашр қилинган асарлари
- Ҳожи Муин. Тўй. Мазлума хотин. Эски мактаб, янги мактаб. Кўкнори. — Ш. Ризаэв. Жадид драмаси. Т.: Шарқ, 1997.
Адабиёт
- Ш. Ризаэв. Жадид драмаси. Т.: Шарқ, 1997.
- Б. Қосимов. Ҳожи Муин қисмати. Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2002-йил 19-июл.
- Б. Қосимов. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. Т.: Маънавият, 2003.