Янги йил байрами (2007-йил арафасида, Сидней, Австралия)

Байрам — кенг нишонланадиган тантанали кун. Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт давомида келиб чиқиши, мазмуни, ижтимоий ҳаётда қарор топишига кўра анъанавий, диний, миллий ва бошқа байрамлар вужудга келди. Авлоддан-авлодга мерос тариқасида ўтиб келадиган байрам анъанавий байрам дейилади. Масалан, наврўз байрами. Анъанавий байрамлар бирор халқ ёки миллатнинг айни вақтдаги ижтимоий турмуши, ҳаёт кечириш тарзи билан бевосита боғлиқ бўлмайди. Диний байрамда ҳар бир монотеистик диннинг ақидаларида белгилаб қўйилган маросимлар нишонланади. Масалан, ийд байрами. Миллий байрамларда у ёки бу миллатнинг тарихидаги муҳим воқеа-ҳодисалар нишонланади. Масалан, Мустақиллик куни, Конституция куни. Булардан ташқари яна касб-ҳунар байрамлари ҳам бор (Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни каби). Шўролар ҳукмронлиги даврида ўзбек халқининг қадимги миллий, анъанавий янги йил Байрамларидан ҳисобланган Наврўз қатағон қилиниб, диний байрамлар (Рамазон ҳайити, Қурбон ҳайити) тазйиққа учради. Кўп йиллар давомида, айниқса зиёли ва фирқа аъзолари ҳайит намозини ўқиш учун масжидга чиққанликлари учун ҳам таъқиб қилинди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач Президент И.А. Каримовнинг фармони билан Рўза ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб эълон қилинди. Ҳайит кунлари ва улар билан боғлиқ маросимлар батамом қарор топди, шунингдек бошқа қадриятлар ҳам тикланмоқда. Чунончи Наврўз умумхалқ байрами сифатида ҳар йили катта тантана қилиниб, бу кун (21-март) дам олиш куни деб эълон қилинди[1].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар