Хожаназар Ғойибназар ўғли Хувайдо мақбараси расми
“Ҳувайдо” зиёратгоҳи

Ҳувайдо (тахаллуси; асл номи Хўжаназар Ғойибназар ўғли) (? — Ўш шаҳри — 1780/81, Фарғона вилояти Чимён қишлоғи) — шоир, тасаввуф шеъриятининг йирик вакили. Қўқон мадрасаларида ўқиган. Қишлоғида мактаб очиб, узоқ вақт мактабдорлик қилган, косиблик билан ҳам шуғулланган. Отаси Ғойибназар сўфи Қаш-қардаги Офоқхўжа эшоннинг муридларидан бўлган, Чимёнда масжид ва хонақолар қурдириб, эшонлик қилган. Ҳувайдонинг девонида келтирилган бир нақлга кўра, Ҳ.га "Хўжаназар" исмининг қўйилиши ҳам Офоқхўжа билан боғлиқ. Ҳ. мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Шеърлари халқ орасида жуда машҳур бўлган. Ҳ. ахлоқий-дидактик йўналишдаги мазмунан теран, услубий гўзал асарлари билан адабий мактаб ярата олган шоир-дир. Ҳ. ижоди ва дунёқарашининг шаклланишида Яссавий, Навоий, Сўфи Оллоёр, Машрабларнинг тасав-вуфий, фалсафий фикрлари ва асарларининг таъсири катта бўлган. Ҳ. мажозий ва ҳақиқий ишқ ҳақидаги ори-фона, дунёвий шеърларидан ташқари золимлик ва мазлумлик, камолот ва ахлоқий тубанлик ҳақидаги шеърларида ҳам мазкур шоирлар анъаналарини давом эттирган ва янги фикрлар билан бойитган.

Ҳ. шеърлари вафотидан сўнг наби-ралари томонидан девон ҳолига келтирилган. Унга шоирнинг 351 ғазал, 28 рубоий, 41 тўртлик, 3 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 мустазод, 3 маснавий ҳамда ахлоқий-дидактик мазмундаги "Роҳати дил" манзумаси кирган. Девондаги илк шеърларида рўза, намоз, закот, ҳаж, жаннат ва дўзах билан боғлиқ мавзулар ёритилган, ғурур, манманликни танқид қилув-чи, тавозеъ, қардошлик ва тўғрисўзликни улуғловчи ҳикматларга кенг ўрин берилган ("Дариғо, ҳайф, одам...", "Куйгай", "Кимга бориб дод этай..." ва бошқалар). Ҳ.нинг шеърларида тасаввуфий унсурлар — нафсни жиловлаш ва дунёдан ўзни узоқ тутиш бош ғоялардан бири. Дунё лаззатининг ин-сонни бахтли эта олмаслигига ишонган шоир Аллоҳга, абадий бахтга эришмоқ учун инсон ўзлигидан кеч-моғи кераклигини англайди (мас, "Анго", "Қилдинг" радифли шеърлари ва бошқалар). Шоирнинг "Роҳати дил" ахлоқий манзумаси панднома турининг гўзал намунасидир. Унда очкўзлик, таъмагирлик, вафо, боқийлик, фонийлик, яхшиликнинг фойдаси, ёмонликнинг зарари, гўзаллик ва меҳнацеварлик, моддий ва маънавий поклик каби хилма-хил ахлоқий мавзулардаги ибратли ҳикоялар келтирилган. Ҳ. диний-ахлоқий мазмундаги "Иброҳим Адҳам" номли шеърий достон ҳам ёзган. Ҳ. вафотига бағишлаб унинг шогирдлари, мухлислари томонидан марсиялар, таърихлар ёзилган. У ҳақда ибратомуз ривоятлар, ёдномалар пайдо бўлган. Шоирнинг отаси Ғойибназар Эшон шажараси дахмаси ҳозир ҳам зиёратгоҳ жойлардан ҳисобланади.

"Девони Ҳувайдо"нинг бир қанча қўлёзма нусхалари ва литографик нашрлари бўлиб, улардан чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838—1910) ва Мирза Ҳаким ибн Мирза Умид Марғилонийлар кўчирган нусхаси СамДУ кутубхонасида сақланади (инв. №3903).

Ҳ.нинг набираси Сирожий (1877-йил в. э.), чеваралари Самарбону (1837— 1891), Салоҳиддин Соқиб, Ғарибий девон тузган шоирлар бўлиб, Ҳ. анъ-аналарини давом эттирганлар. Ҳ. номида кўча, маҳалла ва мактаблар бор.

Манбалар

  • Танланган асарлар, Т., 1960; Роҳати дил, Т., 1993; Иброҳим Адҳам, Самарқанд, 1995.

Адабиёт

  • Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж.ли], 5-ж., Т., 1978;Қайюмов П., Тазкираи Қайюмий, Т„ 1999.

Бегали Қосимов.