Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим Табатаба ибн Исмоил ад-Дибадж ибн Иброҳим ал-Ғамр ибн ал-Ҳасан ал-Мусанно (арабча: أبو عبد الله محمد بن إبراهيم بن إسماعيل الديباج بن إبراهيم الغمر بن الحسن المثنى‎‎, 815-йил 15-февралда вафот этган), шунингдек, Ибн Табатаба 814—815-йилларда Тўртинчи фитна даврида Аббосийлар халифалигига қарши муваффақияциз Зайдийлар қўзғолоннинг рамзий етакчиси бўлган Ҳасаний. Исмоил ибн ад-Дибаж Ҳасан ал-Мутҳаннанинг набираси.

Ҳаёти

Табатаба лақаби ё унинг отаси Иброҳимга, ё бобоси Исмоилга берилган. Ривоятларга кўра, бу лақаб уларнинг нутқидаги нуқсон ёки тутилиб гапириши туфайли пайдо бўлган. Бироқ бу атама оғзаки нутқда ҳам ота, ҳам она томондан Алийлар авлодига мансубликни ифодалаш учун қўлланган[1]. Ибн Табатаба Наср ибн Шабос томонидан имомликка номзод қилиб кўрсатилгунга қадар Мадинада яшаган[2]. Шундан сўнг, унда мансабга интилиш уйғониб, Наср ортидан Ироққа йўл олган. Бироқ у ерда Насрнинг ҳамкорлари Ибн Табатабанинг номзодлигига қарши бўлишди. Улар Мадинага қайтиб кетиши учун унга 5 000 олтин динор таклиф қилишди. Табатаба пул таклифини рад этиб, Мадинага томон йўлга чиққан[3].

Йўлда эканида ал-Ҳусайн қабри атрофида Зайдийларни тўплаётган Абулсараянинг Алийлар қўзғолони бошлаётгани ҳақида хабар топган. Шундан сўнг, дарҳол Алийлар таянчи бўлган Куфа шаҳрига йўл олган. У ерда бир нечта яхши қуролланмаган куфаликларнигина ўз ишига жалб эта олган[3]. Икки гуруҳ белгиланган кунда Куфа шаҳри чеккасида, шаҳарга кириш арафасида учрашган. Абулсарая 814-йил 27-декабрда (Табарий берган маълумотларга кўра, 815-йил 26-январда[4]) Ибн Табатабани Мўминлар амири деб эълон қилиб, жума намозидаги хутбада қўзғолоннинг асосий тамойилларини баён этган[3].

Ибн Табатабанинг қўзғолондаги роли рамзий бўлиб, асл ҳокимият Абулсарая қўлида эди[3][5]. Дарҳақиқат, замонавий олимлар Абулсараянинг ҳаракатларини Алийларга садоқат эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритиш учун Алийлардан шунчаки восита сифатида фойдаланиш истаги бошқарган, деган фикрни илгари суришади[6].

Қўзғолон дастлаб муваффақиятли кечиб, 815-йил 14-февралда исёнчилар халифа ал-Ма’муннинг Ироқдаги ноиби ал-Ҳасан ибн Саҳл уларга қарши юборган Аббосийлар қўшинларини мағлубиятга учратдилар[3][7]. Баъзи манбаларда Ибн Табатаба Куфа шаҳри деворлари ташқарисида жанг қилиб, яралангани айтилган. Табарий эса Абулсарая уни заҳарлаб ўлдирганини таъкидлаган[3][8]. Ибн Табатаба ўлим тўшагида ётганда ўз ўрнига Ҳусайний Али ибн Убайдуллоҳни номзод қилиб кўрсатган. Бироқ Али бу таклифни рад этиб, Муҳаммад ибн Зайд номзодини кўрсатган[3]. Ибн Табатаба 815-йил 15-февралда Куфада вафот этган[1][8].

Қариндошлари

Ибн Табатабанинг авлодлари Кирмон ва Эфиопияга кўчиб ўтганидан кейинги оила шажараси ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда учрамайди[3]. Укаси ал-Қосим ар-Рассий ХХ асргача Яманнинг катта қисмини бошқарган Зайдий имомларнинг Рассийлар сулоласига асос солган.

Манбалар

Адабиётлар