Ichak
Ичак – одам ва ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш системасининг бир бўлими; ҳазм йўли бўлимларга ажралган организмларда (ҳалқали чувалчанглар, моллюскалар, бўғимоёқлилар, барча умуртқалиларда, жумладан, одам ҳам) ҳазм йўлининг меъдадан кейин келадиган қисми. Асосан, сут эмизувчилар ичаги мураккаб тузилган. Одам ичаги 4,5–9 м га етади. У асосан, қорин бўшлиғи ва қисман кичик чанокда жойлашган.
Ичакда овқат узлуксиз ҳаракатланиб ҳазм бўлади, озиқ моддалар қонга сўрилади, ҳазм бўлмаган овқат қолдиқлари нажасга айланади. Ичак девори, асосан, 3 қават. Ички қават – шиллиқ парда, ундаги ҳазм безларидан ҳазм шираси ва шилимшиқ чиқади; шу парда орқали озиқ моддалар қонга сўрилади; бу парда касаллик микробларига ҳалокатли таъсир эта олади. Ичак деворидаги айрим лимфа тугунлари ва уларнинг тўпламлари ҳам микроблардан ҳимоя қилиш вазифасини ўтайди. Ўрта қават – ҳалқа шаклида (ички) ва узунасига (ташқи) ётган силлиқ мускуллардан иборат, улар тўлқин шаклида ҳалқасимон қисқариб, овқатнинг аралашишига, ҳазм ширасини сўриб олишига ва орқа чиқарув тешигига томон сурилишига ёрдам беради. Ичак безларидан шира ажралишини ва перисталтикани Ичак деворидаги нерв аппарати тартибга солади; овқатнинг нормал кимёвий таркиби ўзгарганда ва айниқса, ичакка зарарли моддалар тушганда ичак секрецияси ва перисталтикаси ўзгариб, зарарли моддаларнинг суюлишига ва тезроқ ажралишига ёрдам беради. Ташқи сероз қават – қорин пардаси ичак қовузлоқларининг сирғанишини осонлаштиради. Қорин пардасидан ҳосил бўлган ичак тутқич ёрдамида ичак қориннинг орқа деворига ёпишиб туради.
Одамда ичак анча узун бўлиб, 2 қисм: ингичка ичак ва йўғон ичакдан иборат. Одам ичаги қорин бўшлиғи ва кичик чаноқни тўлдириб туради, жигар ва меъдадан пастда ётади. Олдинги томондан ичакни катта чарви беркитиб туради. Ичак деворлари қон ва лимфа томирлари, лимфа элементлари, безчалар ҳамда нервларга бой. Ичак фаолияти нерв ва гуморал механизмлар орқали бошқарилади. Одам ва кўпгина ҳайвонлар ичакда турли микроорганизмлар (ичак флораси) бўлади. Ичак касалликларидан аппендицит, колит, проктит, энтерит, энтероколит, ичак буралиши ва ичак ўсмаси кўпроқ учрайди[1].
Манбалар
| Анатомияга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |