Иммун статус, иммун ҳолат — иммун системасининг ҳужайравий ва гуморал омилларини клиник ва лаборатор-иммунологик усуллар ёрдамида аниқланган миқдорий кўрсаткичлари. Иммунологик кўрсаткичлар кишиларнинг ёшига, яшаётган географик муҳитига, экологик вазият ва эпидемиологик ҳолатга қараб ўзгаради. И. с. ни аниқлаш нафақат одамнинг ҳозирги ҳолатини баҳолаш, балки экологик ва хавфли антропоген (физик, кимёвий ва биологик) омиллар таъсирида унинг келажакдаги соғлиғини олдиндан айтиб бериш имконини беради. Бундан ташқари, одам И. с. ни баҳолаш орқали иммунтанқислик ҳолатларига юқори мойиллиги бўлган кишиларнинг хавфли гуруҳини тузиш ҳамда унинг асосида иммунтиклаш ва иммунопрофилактика усулларини ишлаб чиқиш мумкин бўлади.

Замонавий тиббий иммунологияда И. с. ни бахоловчи усуллар мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига асосланиб, акад. Р. В. Петров томонидан 1984-йил „Одам иммун статусини баҳолаш“ услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган, унга асосан баҳолаш усуллари икки даражага бўлинади. Биринчи даража усулларида иммун ҳолатда ўзгариш бор ёки йўқлиги 1—2 кун ичида тахминан баҳоланади. Агар бунда ўзгаришлар топилса, иммун системадаги нуқсонни чуқур ва тўлиқ аниқлаш учун иккинчи даража усуллари қўйилади. Бу текширишлар натижаси 5—6 кунда билинади.

Р. В. Петров ҳамкасблари билан МДҲ давлатларида яшайдиган соғлом аҳоли маълум бир қисмининг иммун система кўрсаткичларини ўрганиб, ҳар хил худудлар аҳолиси учун И. с.нинг бир неча турини белгилади.

Ўзбекистон аҳолисининг И.с.и Ўзбекистон ФА Иммунология институти ходимлари томонидан ўрганилади. Дастлабки натижаларга кўра, республиканинг ҳар хил вилоятлари аҳолисида гуморал иммунитет супрессияси бор, ҳужайравий иммунитет кўрсаткичлари меъёрида ёки қисман пасайган; гуморал бўғим фаоллашган. И. с. ҳамда унинг аралаш тури кузатилади (бунда ҳужайравий бўғим супрессияси ва гуморал бўғимнинг маълум бир кўрсат-кичлари ошади). Бу ҳолатларни шу гео-график-иқлим ҳудудида яшовчи халқ иммун системасининг табиий шароитга мослашуви сифатида қабул қилиш мумкин[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил