Имод уд-Давла Муҳаммад ибн Али (форсча: عماد الدوله محمد بن علی‎‎) — Бу Ҳалим Шайбонийлар оиласига мансуб ҳарбий амалдор, Ғазнавийлар хизматида Ҳиндистонда бош қўмондон лавозимида фаолият юритган.

Таржимаи ҳоли

Имод уд-Давла Муҳаммад Бу Ҳалим Шайбонийлар оиласига мансуб бўлиб, Али исмли шахснинг ўғли бўлган. Унинг Раби ибн Али исмли укаси ҳам бор эди. Имод уд-Давла Муҳаммаддан аввал Бу Ҳалим сулоласининг сўнгги тилга олинган вакили Нажмиддин Зарир бўлиб, у сулола асосчиси Бу Ҳалимнинг ўғли бўлган. Имод уд-Давла Муҳаммад ва унинг укасининг номи илк бор султон Арслоншоҳ ҳукмронлиги даврида манбаларда тилга олинади. Бу даврда Имод уд-Давла Муҳаммад Ғазнавийлар қўшинининг Ҳиндистондаги бош қўмондони (сипоҳсолор) сифатида қайд этилган. Укаси Раби ибн Алининг ҳам номи тилга олинган, бироқ унинг қайси лавозимда хизмат қилгани номаълум[1].

Бироқ Арслоншоҳнинг ҳукмронлиги узоқ давом этмади. Унинг Салжуқийлар маликаси бўлган онаси Гавҳар Хотунга ёмон муносабатда бўлингани сабабли бу аёлнинг укаси Аҳмад Санжар Арслоншоҳ ҳудудларига бостириб кирди. Арслоншоҳни қатъий равишда мағлуб этиб, укаси Баҳрамшоҳни Ғазнавийлар тахтига ўтқазди ва шу билан бирга Салжуқийлар устуворлигини тан олдирди. Шунга қарамай, Арслоншоҳ ҳужумдан омон қолиб, Ҳиндистонга қочди ва у ерда Бу Ҳалим биродарлари ҳамда бошқа амалдорлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Санжар Ғазнавийлар пойтахти Ғазнани тарк этгач, Арслоншоҳ яна пойтахтга қайтиб, Баҳрамшоҳни мағлуб этди. Аҳмад Санжар тез орада яна қайтиб келиб, Арслоншоҳни яна мағлуб этди. Шундан сўнг, у яна қочишга мажбур бўлди, аммо салжуқий саркарда томонидан қўлга олиниб, қатл этилди. Шунга қарамай, Бу Ҳалим биродарлари Баҳромшоҳга қарши курашни давом эттирдилар. Ҳиндистонда бўлган Имодуддин Муҳаммад Баҳромшоҳ ҳужумига қарши бир муддат бардош бера олди. Охир-оқибат, 1119-йилда Лоҳурда мағлуб этилиб, асир олинди[1].

Имодуддин Муҳаммаднинг Ҳиндистонда Ғазнавийларга кўрсатган катта хизматлари сабабли Баҳрамшоҳ уни кечирди ва яна Ҳиндистондаги Ғазнавийлар қўшинининг бош қўмондони этиб тайинлади. Бироқ Имодуддин Муҳаммад ўзининг бир неча ўғиллари, жумладан, Муътасим ибн Муҳаммад билан бирга тез орада Баҳромшоҳга қарши қўзғолон кўтарди[1]. Натижада, Имодуддин ва ўғиллари Баҳрамшоҳ юборган қўшин томонидан ўлдирилди. Ушбу воқеадан сўнг Бу Ҳалим сулоласи ҳақида манбаларда эслатмалар мутлақо қайд этилмаган[1].

Манбалар

Адабиётлар