Рассом Ҳенри Роуссеаунинг имзоси
Америка давлатлари ташкилоти Бош котиби Хосе Мигел Инсулсанинг имзоси

Имзо — шахснинг ўз қўли билан ёзадиган ва уни бошқа шахслардан ажратиб турувчи ёзув ёки график белгидир. У одатда шахснинг исми, фамилияси ёки лавозимини ифодалаши мумкин. Имзо шахсни идентификация қилиш, ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш, банк амалиётлари, вакиллик ва дипломатияда қўлланилади.

Имзо қўлда ёзилганилиги сабабли ҳар бир шахсда ўзига хос шаклга эга бўлади. Расмий ҳужжатларда имзо ҳужжатни тасдиқлаш ва унда кўрсатилган мажбуриятни қабул қилганликни билдириш воситаси сифатида ишлатилади.

Тарихи

1952-йилда Ҳиндистондаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг бирида имзо ўрнида қўйилган бармоқ излари

Имзонинг келиб чиқиши қадимги даврларга бориб тақалади. Қадимги Миср ва бошқа сивилизацияларда котиблар ёзма ҳужжатларни тайёрлаган, ҳукмдорлар эса ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун муҳрлардан фойдаланган. Муҳрлар кўпинча узук ёки махсус қолип ёрдамида ҳужжатга туширилган[1].

Ўрта асрларда ёзма ҳужжатларнинг кенг тарқалиши билан имзо ҳам аста-секин муҳим тасдиқлаш воситасига айланган. Асосан монастирларда диний уламолар ва котиблар хаттотлик билан шуғулланган. Ҳужжатларни тасдиқлашда эса имзо ва муҳрлардан кенг фойдаланилган[2].

Илгари саводсизлик даражаси юқори бўлганлиги сабабли айрим жамиятларда ёзишни билмайдиган шахслар ҳужжатларни тасдиқлаш учун оддий белги, хусусан „Х“ белгисидан фойдаланган. Кейинчалик шахсни бармоқ изларини қўйиш билан тасдиқлашган[3].

Ҳуқуқий аҳамияти

Имзо ҳужжат ёки бошқа ёзма материал муаллифи ёки жўнатувчисининг шахсини аниқлаш, тасдиқлаш ва ҳимоялаш учун хизмат қилади. Шунингдек, у ҳужжатда келтирилган маълумотларга розилик берилганини, уларнинг ўзгартирилмаганини ва маъқулланганини тасдиқловчи далил сифатида қўлланади.

Бошқа шахснинг имзосини қалбакилаштириш кўплаб давлатларнинг жиноят қонунчилигига кўра ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳисобланади.

Ўзбекистонда

Ўзбекистонда имзодан фойдаланиш билан бир қаторда электрон ҳужжатларни тасдиқлаш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) ҳам қўлланади. „Электрон рақамли имзо тўғрисида“ги қонунга кўра, ЭРИ электрон ҳужжатдаги ахборотнинг яхлитлигини аниқлаш ва имзо эгасини идентификация қилиш имконини беради. ЭРИ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматларда ҳам қўлланади[4][5].

Санъатда

Вермер Делфтлик Яннинг имзоси

Расм ёки бошқа санъат асаридаги имзо асарнинг келиб чиқиши ва муаллифлигини аниқлашда муҳим омиллардан биридир. Баъзан рассомчиликда асарининг қийматини ошириш ёки сохта асарга сохталигини яшириш учун унга сохта имзо қўйилади. Бунга Вермер Делфтлик Яннинг сохта „Эммаусдаги кечки овқат“ асаридаги имзоси мисол бўла олади. Ушбу асар Ҳан ван Меэгерен томонидан қалбаки равишда яратилган.

Рассомларнинг имзоси вақт ўтиши билан ўзгариб туриши мумкин. Натижада имзонинг шакли асарнинг ҳақиқийлигини аниқлашни қийинлаштириши мумкин. Айрим рассомларнинг имзолари ўзига хос бадиий шаклга эга бўлиб, уларни қалбакилаштиришни иложи бўлмайди.

Агар расм абстракт ёки ундаги тасвирнинг йўналиши ноаниқ бўлса, имзо баъзан асарнинг қайси томони юқорига қаратилганини аниқлашга ёрдам берадиган ягона белги сифатида ҳам ҳизмати қилади.

Манбалар

  1. ↑ „Сеал“. Энcйcлопаэдиа Британниcа. Қаралди: 2026-йил 4-октябр.
  2. ↑ „Медиэвал манусcрипц“. Бритиш Либрарй. Қаралди: 2026-йил 4-октябр.
  3. ↑ „Фингерпринц анд Тҳеир Ҳисторй“. Федерал Буреау оф Инвестигатион. Қаралди: 2026-йил 4-октябр.
  4. ↑ „Электрон рақамли имзо тўғрисида“. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ма’лумотлари миллий базаси. Қаралди: 2026-йил 4-октябр.
  5. ↑ „Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматларда электрон рақамли имзодан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида“. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ма’лумотлари миллий базаси. Қаралди: 2026-йил 4-октябр.