Uya



Уя — ҳайвонлар болалаш мақсадида ва бошпана сифатида фойдаланадиган пана жой. Умуртқасизлардан ҳашаротлар, айниқса, хилма-хил уя қуради. Умуртқалилар орасида айрим балиқлар (тикан балиқ), сувда ва қуруқликда яшовчилар (Ява курак оёқли бақаси), судралиб юрувчилар (айрим тошбақалар ва тимсохлар), кўпчилик қушлар, бир қанча сут эмизувчилар (кемирувчилар, одамсимон маймунлар, ўрдакбурун) уя қуради. Судралиб юрувчилар (айрим тошбақалар, тимсохлар) уяси қумда қазиб, чўп ва барглар тўлдирилган чуқурдан иборат. Қушлар уяси жуда хилма-хил. Энг оддий уя хасчўп тўшалган ер юзасидаги чуқурча шаклида бўлади. Ваҳмақуш, тўқимачи, зарғалдоқ каби қушлар ўсимлик толаларидан анча мураккаб уя қуришади. Кўпчилик кемирувчилар (суғурлар, юмронқозиқлар) ва бир қанча қушлар уяси ин ичида жойлашган камерадан иборат. Айрим йиртқич сут эмизувчилар дарахт ковагида уя қуради. Йирик қушлар, сут эмизувчилар (олмахон) уядан бир неча (баъзан 10 ва кўпроқ) йил давомида фойдаланишади. Бир қанча ҳайвонлар колония бўлиб уя қуради (масалан, қушлар галаси). Колония бўлиб яшаш йиртқичлардан ҳимояланишда, болаларини тарбиялашда катта аҳамиятга эга.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |