Infeksion kasalliklar
Инфексион касалликлар — патоген микроорганизмлар (бактериялар, вируслар, энг содда жониворлар ва бошқалар) нинг киши, ҳайвон ва ўсимлик организмига кириб кўпайиб, зарарли таъсир кўрсатиши натижасида келиб чиқадиган касалликлар. Инфексион касалликлардан баъзилари (масалан, қизамиқ) беморга яқин юрилганда юқади, уларга „юқумли касалликлар“ термини жуда мос келади. Инфексион касалликлардан баъзилари (масалан, безгак) беморга яқин юрилганда („контакт“ йўли билан) юқмайди, демак, уларга „юқумли касалликлар“ термини унчалик тўғри келмайди.
Бемор организмида шу касалликни вужудга келтирувчи махсус микроб борлиги ва касалликнинг одамдан одамга юқиши мумкинлиги инфексион касалликларнинг асосий белгиларидир.
Инфексион касалликларнинг чинакам сабаблари ХИХ асрнинг 2-ярмида Л. Пастер, Р. Кох, И. И. Мечников ва бошқа олимларнинг ишлари орқали исбот қилинди. Баъзи касалликлар (вабо, ич терлама, паратиф, дизентерия ва бошқа ичак инфексиялари) ҳазм йўли орқали (беморлар нажаси тушган сув ва озиқ-овқат ёки шу нажас зарралари теккан ювуқсиз қўл орқали) юқади. Бемор йўталганда, акса урганда, сўзлашганда чиқадиган майда шилимшиқ зарралари ҳаво билан нафас йўлларига киришидан келиб чиқадиган касалликлар (томчили инфексиялар) га грипп, кўкйўтал, паротит, дифтерия, қизамиқ ва бошқалар киради. Баъзи касалликлар қон сўрар ҳашаротлар (бит, чивин, бурга, кана, искабтопар ва ҳоказо) орқали юқади (безгак, тошмали терлама, қайталовчи терлама, кана ва чивин орқали юқадиган энсефалитлар, искабтопар иситмаси ва ҳоказо). Беморга яқин юрганда ёки унинг сочиғи, идиш-товоғи ва бошқа буюмларидан фойдаланганда юқадиган касалликлар (таносил касалликлари, куйдирги, кал яра) алоҳида гуруҳни ташкил этади. Инфексион касалликлар бир неча кун (грипп, қизамиқ, искабтопар иситмаси) ёки бир неча ҳафта (ич терлама, тошмали терлама кабилар) давом этиши ёки ойлаб ва ҳатто, йиллаб чўзилиши мумкин (сил, мохов, захм). Инфексион касалликлар келиб чиқиши организмга кирган патоген микробларнинг сонига, вирулентлигига, кирган жойига, кишининг ёшига, инфексияга мойиллигига, шунингдек, микроб атрофидаги ташқи муҳит шароитига (ноқулай шароитда микробнинг вирулентлиги камаяди) боғлиқ. Инфексион касалликларнинг пайдо бўлиши ва ўтишида ижтимоий шароит (уй-жой, овқатланиш тарзи, маданий савия, тиббий ёрдам) ҳал қилувчи рол ўйнайди. Шу шароитнинг ўзаро таъсирига қараб инфексион касалликларнинг турли (типик — ростмана, енгил ва бошқа) шакллари намоён бўлади.
Хусусиятлари
Инфексион касалликларнинг ўтишида инкубацион давр, касаллик симптомларининг пайдо бўлиш ва ошиб бориш даври, касаллик авжига чиққан давр, касалликнинг сўниш даври ва соғайиш даври фарқ қилинади. Инфексион касалликларнинг ҳар бирида шу даврларнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ич терлама каби баъзи инфексион касалликлар микроби оғриб ўтган организмда сақланиб қолади ва теварак-атрофдаги муҳитга чиқаверади. Кўпгина инфексион касалликлардан кейин иммунитет қолади. Масалан, инфексион касалликларни аниқлашда касалликнинг клиник белгилари, лабораторияда текшириш натижалари ва эпидемиологик маълумотлар асос қилиб олинади. Беморлар махсус жиҳозланган инфексион касалхоналарда даволанади. Инфексион касалликларга қарши курашда профилактика тадбирлари ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Профилактикаси
Инфексион касалликларнинг янада тарқалишига йўл қўймаслик учун шундай касалликлар билан оғриган беморлар ёки шундай касаллик бор деб гумон қилинган кишилар касалхонада ёки уйида ажратиб қўйилади. Тоун (ўлат), вабо (холера), тошмали терлама (тошмали тиф), ич терлама (қорин тифи), паратиф, дизентерия, вирусли гепатит, дифтерия ва бошқа касалликлар топилган ёки гумон қилинган кишиларни махсус санитария транспортида касалхонага олиб бориб ётқизиш шарт. Грипп, қизамиқ, кўкйўтал ва шу каби баъзи инфексион касалликлар билан оғриган беморларни алоҳида хонага ётқизиш, тегишлича парвариш қилиш ва дезинфексия ўтказиб туриш шарти билан уйида ажратиб қўйиш мумкин.
Санаторийлар, дам олиш уйлари, болаларни соғломлаштириш муассасалари, болалар боғчалари ва яслиларда, шунингдек, касалхоналарнинг терапия, хирургия, педиатрия ва бошқа (инфексион бўлимидан ташқари) бўлимларида изолятор жиҳозланади. Айниқса, хавфли инфексиялар (тоун, вабо) билан оғриган беморларга яқин юрган кишиларни ўша касалликларнинг инкубацион даврига тенг келувчи муддат билан ажратиб қўйиш шарт. Бошқа инфексион касалликларда беморлар турли муддат билан ажратиб қўйилади[1].
Адабиётлар
ЛА.Мажидов В. М., Юқумли касалликлар, Т., 1996; Шоваҳобов Ш. Ш., Юқумли касалликлар ва эпидемиология асослари, Т., 1997.м
Манбалар
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |