Инфексион мононуклеоз (Филатов касаллиги, безлар иситмаси) — одамнинг ўткир инфексион касаллиги. Бунда бўйиндаги, жағ остидаги ва бошқа лимфа безлари шишади, томоқ оғрийди, қон заҳарланади ва жигар зарарланади. Биринчи марта рус олими Н. Ф. Филатов тасвирлаган. Касалликка махсус вирус сабаб бўлади, деб фараз қилинади. Болалар ва ўспиринларда кўпроқ учрайди. Яширин даври 7—12 кун. Ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Касаллик, одатда, бирданига бошланади, температура 39—40° гача кўтарилади, бош қаттиқ оғрийди. Муртак безлари оқ, сарғиш караш билан қопланади, шундан кейин лимфа безлари (баъзан талоқ ҳам) катталашади. Иситма 20—25 кун давом этади. Бемор мумкин қадар эртароқ шифокорга мурожаат қилиб, даволаниши керак.

Олдини олиш

Бемор иситмаси қайтгунча бошқалардан ажратиб қўйилади[1]. Даво чоралари шифокор кўрсатмаси асосида амалга оширилади.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил