Давлат байрог'и.

Ингушия, Ингушия Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Майдон 3,6 минг км2. Аҳолиси 497 минг киши (2019). Пойтахти — Магас шаҳари. Маъмурий жиҳатдан 4 та туман, 3 та шаҳарга бўлинади. Давлат тили ингуш ва рус тилларидир.

Давлат тузуми

Ингушия — Республика. Давлат бошлиғи – президент. Қонун чиқарувчи органи – Халқ мажлиси (парламент). Ижрочи органи — ҳукумат.

Табиати

Ингушия Катта Кавказ тизмаси шимолий ён бағрининг марказий қисмида жойлашган. Иқлими моътадил континентал. Ўртача температура: январда — 3 дан —10° гача, июлда 21—23°. Йилига 1200мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёси – Сунжа. Текисликдаги тупроғи – дашт тупроғи. Тоғларда кенг баргли ўрмонлар баланд тоғ ўтлоқларига туташади.

Аҳолиси

Ингушлар (371 минг киши), чеченлар ( 96 минг киши), руслар( 6559) турклар (2,4 минг киши) ва бошқалар яшайди. Ингушлар ўзларини "галгай" деб атайдилар. Диндорлар ислом динининг сунна мазҳабида.

Тарихи

Ингушлар ВИИ асрда биринчи бор тилга олинади. ИХ аср охири – ХИИИ аср бошларида Ингушлар Аланлар давлати таркибига кирган. ХВИ асрга қадар тоғларда алоҳида-алоҳида (Жерах, Фепин, Галга, Сорин, Мецхал) уруғқабила жамоаларига уюшиб яшаб келган. ХВИ–ХВИИ асрларда аҳоли Сунжа ва Терек дарёлари водийларига жойлашган. Ингушлар ерларини 1810-йилда Россия босиб олган. 1921-йилдан РСФСР таркибидаги Тоғлилар АССРга киритилган. 1924-йилда Ингушлар мухтор вилояти тузилган. 1934-йилдан Чечен-Ингушия мухтор вилояти бўлган, 1936-йилда у АССР га айлантирилган. Ингушлар 1942-йил кузда немислар томонидан босиб олинди. 1943-йил январда озод этилди. 1944-йилда Чечен-Ингушия АССР тугатилиб, аҳолиси Иккинчи жаҳон уруши даврида босқинчиларга ён босди, деган туҳмат билан зўрлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўчирилган. 1957-йилда мухтор республика тикланган. 1990-йилда Чечен-Ингушия АССР Олий Кенгаши давлат суверенитети ҳақида декларация қабул қилди. 1992-йил декабрда Ингушия Республикаси тузилди.

Хўжалиги

Иқтисодиётида нефт қазиб олиш, нефт кимёси, кимё, газни қайта ишлаш, металлсозлик, трикотаж, озиқ-овқат корхоналари муҳим ўринда туради. Қишлоқ хўжалиги, асосан, Сунжа ва Камбилеевка дарёлари водийларида ривожланган. Маккажўхори, буғдой, сули, арпа, қанд лавлаги, кунгабоқар, картошка етиштирилади. Боғдойчилик ва сабзавотчилик билан ҳам шуғулланилади. Чорвачилигида қорамол, қўй (асосан, майин толали жун берадиган қўйлар), чўчқа боқилади.

Адабиёти

Ингуш халқининг ўзига хос ва бой оғзаки адабиёти мавжуд. Аммо ёзма адабиёти ХХ аср бошларида шаклланди. З. Малсагов (1894–1935)нинг "Ўғирланган қиз" песаси (1923) ингуш тилидаги биринчи босма асардир. 30-йилларда С. Озиев, Х. Муталиев, Ж. Яндиев каби шоирлар, А. Гойгов, И. Базоркин каби адибларнинг асарлари босилиб чиқди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ж. Яндиев, М. Хашагулгов, И. Базоркинларнинг фашист босқинчиларга нафрат руҳидаги асарлари катта аҳамиятга эга бўлди. 50-йиллардан адабиёт бадиий юксакликка кўтарилди, барча замонавий жанрларда, айниқса роман жанрида салмоқли асарлар яратилди. Биринчи ингуш романнависи С. Чахкиевнинг "Олтин устунлар", "Бўрининг тунлари" асарлари ингуш адабиётида муҳим воқеа бўлди. Уларнинг биринчисида ахлоқ-одоб муаммолари кўтарилган бўлса, иккинчиси тарихий мавзуда эди. И. Базоркиннинг "Асрий зулматлар оша" эпопеяси халқнинг кейинги бир асрлик ҳаёти ва фикр-ўйларини ифодалаб берган. 60–90-йилларда шеърият бадиий жиҳатдан анча юксалди, прозада сермазмун очерк, қисса, романлар яратилди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил