Тери – инсон танасидаги энг катта орган бўлиб, тананинг ташқи юзасини қоплаб туради. Унинг умумий сатҳи 1,5 – 2 м² га етади. Терининг ранги одамларнинг ирқига қараб ҳар хил бўлади. Бу теридаги меланин пигментининг миқдорига боғлиқ. Тери ҳосилаларига сочлар, тер, ёғ ва сут безлари ҳамда тирноқлар киради.

Инсон терисининг анатомик тузилиши

Тузилиши

Тери 3та қаватдан ташкил топган: эпидермис, дерма ва гиподерма. Эпидермис эпителиал тўқимадан, дерма толали бириктирувчи тўқимадан, гиподерма тери ости ёғ клетчаткасидан иборат. Терининг қалинлиги турли жойда гиподермасиз 0,5 дан 5 мм гача бўлади. Қалин ва юпқа тери фарқланади. Кафт ва товон қалин тери билан қопланган, унинг эпидермисидаги мугуз қавати ўта қалин, дерма қавати эса юпқа бўлиб, тери ҳосилаларидан тер безлари учрайди. Юпқа тери (тананинг бошқа соҳаларда) – мугуз қавати юпқа бўлган эпидермисдан иборат, дерма нисбатан қалин, тери ҳосилаларидан соч илдизлари, тер ва ёғ безлари тутади. Терининг кўпчилик қисмида эпидермис асосан ўсувчи, донадор ва мугуз қаватлардан ташкил топган. Ҳар бир қават ўз навбатида кафт ва товон териси эпидермисининг тегишли қаватига нисбатан анча юпқа бўлади. Баъзи ташқи ва ички омиллар таъсирида, масалан, кучли механик таъсирларда, А витамин етишмаганда ва гидрокортизон таъсирида мугузланиш жараёни кучаяди. Эпидермис ва дерманинг чегараси нотекис бўлиб, бириктирувчи тўқима сўрғичлар кўринишда эпидермисга ботиб кирган бўлади. Юқорида қайд этилганидек, дерма сўрғичлари тери сатҳида эгатчалар билан ажралган дўнгликлар пайдо қилади. Эпидермис дермадан гликозамингликанлар ва нозик аргирофил толаларга бой бўлган базал мембрана билан ажралиб туради.

Эпидермис

Терининг ташқи қавати бўлиб, кўп қаватли ясси мугузланувчи эпителийдан иборат. Қалин терининг эпидермисида 5 қаватни ажратиш мумкин: базал қават, тиканаксимон қават, донадор қават, ялтироқ қават, мугуз қават. Юпқа терида ялтироқ қават учрамайди. Эпидермиснинг базал ва тиканаксимон қаватлари таркибида 5 хил ҳужайралар фарқ қилинади: кератиноцитлар (уларда такомиллашиш натижасида мугуз модда - кератин ҳосил бўлади), Лангерганс ҳужайралари, меланоцитлар, Меркел ҳужайралар ва лимфоцитлар.

Базал қават

Базал кератиноцитлар эпидермис ҳужайраларининг 85% ташкил этиб, кератинизация жараёнида бевосита қатнашувчи ҳужайралари ҳисобланади. Улар призматик шаклга эга бўлиб, ситоплазмаси базофил бўялади, думалоқ ядроси хроматинга бой. Ҳужайраларнинг нозик тузилишида барча органеллалар қатори ядро атрофида ва десмосома соҳасида жойлашган тонофибриллалар яққол кўзга ташланади. Базал қаватда кўплаб митоз йўл билан бўлинаётган ҳужайралар учрайди. Эпидермис ҳужайраларининг доимий янгиланиб туриши (физиологик регенерация) асосан шу кератиноцитлар ҳисобига бўлади. Бу жараён давомида кератиноцитларда турли механик ва кимёвий таъсирларга чидамли махсус оқсиллар (кератолинин, филлагрин, инволюкрин) синтезланиши билан бир қаторда кератин тонофиламентлари ва кератиносомалар шаклланади. Уларнинг ядро ва органеллалари парчаланиб, ҳужайралараро бўшлиқлари липид табиатга бой махсус сементловчи модда билан тўлади. Шу сабабли эпидермис сувни ўтказмаслик хусусиятига эга бўлади. Кератиноцитлар аста-секинлик билан пастдан юқорига силжиб, мугуз тангачаларига айланади сўнгра улар юза қаватдан тушиб кетади.

Меланоцитлар – меланин синтез қиладиган ҳужайралардир. Улар нерв тўқимасидан такомиллашади. Кумуш тузи билан бўялганда (импрегнация қилинганда) уларда бир қанча тармоқланган ўсимталар аниқланади. Қўшни ҳужайралар билан десмосомалар ҳосил қилиб туташмайди. Уларнинг ситоплазмаси тонофибриллалар тутмайди, аммо кўп рибосома ва меланосомаларга эга. Меланосомалар Голжи комплексида ҳосил бўлиб, овал шаклдаги тузилмалар ҳисобланади. Улар ташқи томондан бир қават мембрана билан ўралган бўлиб, ичида фибрилляр асосда ётувчи зич меланин доначалари бўлади. Меланин тирозиназа ва ДОФА-оксидаза ферментлари иштирокида тиразин аминокислотасидан ҳосил бўлади. Базал эпидермоцитларда ҳам пигмент доначалари бўлиши мумкин, бу доначалар ҳужайраларга меланоцитларнинг ўсимталари орқали ўтиб қолишидан юзага келади. Ўзи пигмент ишлаб чиқармайдиган, лекин меланин тутувчи бундай ҳужайралар меланофорлар деб аталади. Меланин пигменти УБ-нурларни ушлаб қолиб, ички аъзоларга зарарли таъсирдан ҳимоя қилади. Пигмент синтези ултрабинафша нурлари, меланотропин таъсирида кучаяди. Ултрабинафша нурлар бундан ташқари кератиноцитларда витамин Д ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Глюкокортикоидларнинг ажралиб чиқишининг бузилиши ўз навбатида гипофиздан АКТГ ажралишини кўпайтиради ва натижада меланоцитларнинг фаолиятини ошади. Мисол қилиб, Аддисон касаллигини келтириш мумкин.

Меркел ҳужайралари (сезувчи нерв охири) нейрал табиатга эга. Терининг ўта сезгир соҳаларида (бармоқлар, буруннинг учки қисми ва бошқ.) кўп учрайди. Уларнинг асосида афферент нерв толалари келиб тугайди. Меркел ҳужайралари ва афферент нерв толалари эпидермисда тактил сезгиларни қабул қилади. Ситоплазмасидаги секретор доначалар бомбезин, ВИП, энкефалин, эндорфин ва бошка пептидлар тутади. Шунга кўра Меркел ҳужайралар дисперс эндокрин система (АПУД-серия)га ҳам киритилган. Ушбу ҳужайралар эпидермис ҳужайраларининг регенерациясида, қон томирларнинг тонусини ва ўтказувчанлиги бошқаришда иштирок этадилар.

Лангерганс ҳужайралари (эпидермал макрофаглар) – ўсимтали ҳужайралар бўлиб, суяк кўмигидан келиб чиққади. Ситоплазмасида аргентофил доначалар (Бирбек доначаларини) сақлайди. У доначалар таркибида лангерин моддаси бўлиб, у вирусларни боғлаш ва уларни деградацияга учрашини таъминлаш вазифасини бажаради. Лангерганс ҳужайралари ўз ўсиқчалари билан бир неча кератиноцитларни ўраб туради ва эпидермал пролифератив бирикмалар (ЭПБ) ни ҳосил қилади. ЭПБ лар вертикал устунлар шаклида бўлиб, бутун эпидермис қалинлигида ётади. ЭПБ Лангерганс ҳужайралари, кератиноцитларнинг ва лимфоцитларнинг пролиферацияси ва дифференсировкасини бошқариб турувчи интерлейкинларни синтезлайдилар. Бу ҳужайралар эпидермисдан дерма ва маҳаллий лимфа тугунларига кўчиб, антиген ҳақида маълумотни у ердаги лимфоцитларига олиб борадилар ва шунинг асосида иммун жараёнлар шаклланади.

Эпидермисдаги лимфоцитлар Т-лимфоцитлар турига киради. Улар дермадан ўтиб эпидермиснинг базал ва тиканаксимон қаватларда жойлашадилар. Уларнинг пролиферациясини Лангерганс ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилган интерлейкин-1 (ИЛ-1) ҳамда кератиноцитларда синтезланган тимозин ва тимопоэтин бошқаради. Шундай қилиб, Лангерганс ҳужайралари ва Т-лимфоцитлар терининг иммун-ҳимоя жараёнларини ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Тиканаксимон қават

Эпидермиснинг иккинчи – тиканаксимон ҳужайралар қавати базал қават ҳужайралари устида жойлашган 5-10 қават ҳужайралардан иборат. Уларнинг ситоплазмасида рибосомалар, митохондриялар, лизосомалар билан бирга, лизосомаларнинг бир кўриниши бўлган кератиносомалар учрайди. Мембраналар билан ўралган ушбу тузилмалар таркибида липидлар (холестеринсулфат, серамидлар ва бошқ.) ва гидролитик ферментлар бўлади. Тиканаксимон ҳужайралар жуда кўп ситоплазматик ўсимталарга эга бўлиб, шу ўсимталар орқали ҳужайралар бир-бири билан десмосомалар ҳосил қилиб боғланган. Бу ҳужайралар ситоплазмасида тонофиламентлардан тонофибриллалар тутамлари шакллана бошлайди, улар десмосомаларга туташиб кетади. Тиканаксимон ҳужайралар қаватининг қуйи – базал қаватга яқин жойлашган қатламларида митоз билан бўлинаётган ҳужайралар учрайди. Шунинг учун ҳам базал ва тиканаксимон ҳужайралар қаватлари эпидермиснинг ўсувчи – Малпиги қаватини ташкил этади. Ўсувчи қават ҳисобига эпидермис ҳужайраларининг 19-20 кун ичида алмашиниб туриши -физиологик регенератияси кузатилади.

Донадор қават

Донадор ҳужайралар қавати 2-3 қават, бир-бирига зич жойлашган дуксимон ҳужайралардан иборат. Бу ҳужайраларда кератин, филаггрин, инволюкрин ва кератолинин каби оқсиллар синтезланади. Филаггрин кератин тонофиламентларининг агрегациясида иштирок этади. Лангерганс ҳужайралари таъсирида кератиносома ва лизосомаларнинг гидролитик ферментлари шу қават ҳужайраларининг ядро ва органеллалари емиради. Парчаланиш маҳсулотлари, яъни оқсиллар, полисахаридлар, липидлар, аминокислоталар, ситоплазмага чиқади ва филлагрин-тонофиламентлар комплексига билан қўшилади, натижада таркибига кўра мураккаб бўлган модда – кератогиалин ҳосил бўлади. Кератиогиалин доначалари бутун ситоплазмани тўлдириб, ҳужайрага донадор кўриниш беради. Инволюкрин ва кератолинин плазмолемма остида оқсил пардасини ҳосил қилиб, кератиносома ва лизосомаларнинг гидролитик ферментлари таъсиридан ҳимоя қилади. Донадор ҳужайралар ситоплазмасида кератогиалин билан тонофибриллалар комплексининг бўлиши ушбу ҳужайраларда мугузланиш жараёнининг бошланганлигидан далолат беради. Баъзан бу ўзгариш терининг кучли ишқаланишга учрайдиган жуда кичик соҳасида рўй бериши мумкин(масалан, қадоқлар).

Ялтироқ қават

Ялтироқ қават терининг айрим соҳаларида (кафтда, товонда) яхши кўринади. Ясси шаклдаги кератиноцитлардан ташкил топган. Уларда ядро ва органеллалари тўлиқ парчаланган бўлади. Кератогиалин доначалари ўзаро қўшилиб, кучли нур синдириш хусусиятига эга элеидин моддасига айланади. Шунинг учун ҳужайралар чегараси аниқ билинмайди ва бу қават препаратда рангсиз ялтироқ тасма ҳолида кўринади. Ҳужайралар орасида десмосомалар деярли емирилган бўлсада, улар ўрнига ҳужайралар орасида липидларга бой сементловчи модда миқдори кўпаяди. Ўз навбатида элеидин мугуз модда – кератин ҳосил бўлишида бир босқич ҳисобланади.

Мугуз қават

Эпидермиснинг ташқи муҳит билан бевосита алоқада бўлган энг юза қавати мугуз қават бўлиб, унинг қалинлиги терининг турли соҳаларида ҳар хил бўлади. Кафт, товон териларида бу қават қалин бўлса, тананинг ён сатҳида, айниқса қовоқлар ва эркаклар ташқи жинсий аъзолари териларида анчагина юпқадир. Бу қават ядросиз, бир неча ўн қават мугуз тангачалардан ташкил топган. Бу тангачалар мугуз модда (кератин) ва ҳаво пуфакчалари тутади. Кератин олтингугуртга бой, кислота ва ишқорлар таъсирига чидамли оқсил моддаси ҳисобланади. Мугуз тангачалари бир-бирига зич ва маҳкам бирикиб туради. Терининг ташқи юзасидагина улар зич жойлашмай, бир-биридан ажралиб айрим мугуз тангачалар ҳолида туради. Терининг устки сатҳидаги мугуз тангачалар физиологик тарзда кўчиб тушиб туради ва терининг тушиб турувчи қаватини ҳосил қилади. Мугуз тангачаларининг тушиб кетиши жараёнида кератиносомалар муҳим рол ўйнайди. Улар ҳужайралардан чиқиб, ҳужайралараро бўшлиқда тўпланади. Бунинг натижасида десмосомаларнинг эриши (лизиси) ва мугуз тангачаларининг бир-биридан ажраши кузатилади. Мугуз қаватининг аҳамияти шундаки, у ўзидан иссиқликни ёмон ўтказади ва катта эластиклик хусусиятига эга. Кератиноцитларнинг пролиферация ва дифференсиаланиш жараёнлари нерв ва эндокрин тизимлар (буйрак усти бези ва ҳк.) ҳамда эпидермис ҳужайраларининг ўзидан ҳосил бўлган моддалар (кейлонлар, простагландинлар, эпителийнинг ўсиш фактори) томонидан бошқарилади. Ушбу жараёнларнинг бузилиши натижасида кератиноцитларнинг пролиферация ва дифференсиаланишининг ўзгаришига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида турли тери касалликлари (псориаз ва бошқ.) ривожланишига олиб келади.

Дерма

Дерма (хусусий тери, асл тери) ўз навбатида бир-биридан аниқ ажралмаган қаватлар: сўрғичли қават ва тўр қаватларга бўлинади.

Сўрғичли қават

Сўрғичли қават бевосита эпидермис остида жойлашиб, сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан ташкил топган. Шу бириктирувчи тўқима эпидермисга ботиб кириб, сўрғичлар ҳосил қилади. Сўрғичлар шакли ва катталиги терининг турли зоналарида ҳар хил бўлади. Кафтда ва товонда бу сўрғичлар яхши ривожланган. Эпидермис юпқа бўлган жойларда эса сўрғичлар анча калта бўлади. Юз терисида сўрғичлар суст ривожланиб, ёш улғайиши билан йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Терининг сўрғичли қавати бармоқлар териси сатҳида ҳар бир шахсга хос бўлган индивидуал кўринишларни белгилаб беради. Терининг бу кўриниши ҳар бир одамнинг ўзига хос бўлганлигидан суд тиббиётида ва криминалистика амалиётида бармоқ изларига қараб шахсни аниқлашда – дактилоскопияда кенг қўлланади.

Сўрғичли қават тўқимасида коллаген, эластик ва ретикулин толалар билан бирга фибробласт, макрофаг, меланофор, плазматик ва семиз ҳужайралар мавжуддир. Бу ерда мушак ҳужайраларининг алоҳида тутамлари учрайди. Бу мушакларнинг айримлари сочни кўтарувчи мушак бўлиб, улар соч илдизи билан узвий боғлиқдир. Дерманинг сўрғич қаватида қон, лимфа томирлари, нерв толалари ва эркин, ҳамда капсулали нерв охирлари кўп учрайди. Сўрғичли қават қон томирлари ҳисобига терининг эпидермис қисми озиқланади. Сўрғичли қаватда ўсимталари кўп, ситоплазмасида ва ўсимталарида меланин пигментини тутувчи меланофор ҳужайралар жойлашади. Меланофор ҳужайралар эпидермис меланоцитидан фарқланиб, ДОФА-оксидаза реаксиясини бермайди ва меланинни синтез қилмайди. Меланофорга пигмент эпидермис меланоцитларидан киради деб тахмин қилинади. Меланофор ҳужайралар терининг айрим жойларида, айниқса, анал тешик атрофидаги терида, сут бези сўрғичлари соҳасида айниқса кўп бўлади. Ҳомиладор аёлларда ички – гормонал ҳолатлар таъсирида ҳам терининг айрим жойларида (юз, ташқи жинсий аъзолар соҳасида) пигмент кўпаяди. Пигмент алмашинуви ички секретия безлари фаолиятига, ултрабинафша ва радиация нурлари, баъзи кимёвий моддалар ва витаминлар (А, ПП ва айниқса витамин C) таъсирига боғлиқ.

Тўр қават

Дерманинг тўр қавати зич толали шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, эластик толалар ва дағал коллаген толалари тутамларидан иборат. Бу коллаген толалар тутамлари тери сатҳига параллел ҳамда қийшиқ йўналиб, ўзаро чигаллар ҳосил қилади. Ретикулин толалар фақатгина қон томирлар ва тер безлари атрофидагина жойлашади. Тўр қаватда ҳужайра элементларидан асосан фибробластлар бўлиб, қон томирлари соҳаларидагина макрофаглар лимфоцитлар ва лейкоцитлар жойлашади. Тўр қаватда соч илдизлари, ёғ безлари, тери ости ёғ қатлами билан чегарадош қисмида эса тер безлари жойлашади. Терининг тўр қавати жуда пишиқ бўлгани учун ҳайвонлар терисидан турли хил анжомлар ва кийим-кечаклар ишланади.

Гиподерма

Гиподерма (тери ости ёғ клечаткаси) дерма қавати остида ётади. Ёғ клетчаткаси ёғ ҳужайралари тўпламларидан иборат бўлиб, улар дерма тўр қаватидан давом этган ва тери фассиясини ҳосил қилувчи коллаген толаларнинг йирик тутамлари билан ўралади. Ёғ ҳужайралари тўпламлари орасида қон томирлари, нерв толалари ва капсулали нерв охирлари (Ватер-Пачини ва Руффини таначалари, Краузе колбалари) учрайди. Тери ости ёғ клечаткаси қорин соҳаларида кучли тараққий этган. Айрим жойларда бу қаватнинг қалинлиги бир неча сантиметрга етади. Тери ости ёғ клечаткаси терининг юмшоқ қатлами бўлиб, ёғ депоси ҳисобланади, тери ҳароратини бир хил сақлашда, терига бўладиган механик таъсирларни юмшатишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Тери ости ёғ клечаткаси тери фассияси устида ётади.

Вазифалари

Тери қуйидаги вазифаларни бажаради:

  1. Ҳимоя: тери ўзининг остида жойлашган аъзо ва тўқималарни ташқи муҳитнииг физик ва химик омиллари таъсиридан сақлайди; жароҳатланмаган тери ўзидан турли микробларни, кўпчилик заҳарли ва зарарли моддаларни ўтказмайди; терининг эпидермис қисми, айниқса унинг мугуз қавати, иссиқликни ёмон ўтказади, ва шу сабабли, терини қуриб қолишдан асрайди; теридаги меланин пигменти қуёш нурларинииг организмга салбий таъсирини камайтиради.
  2. Захира: терида қон томирларнинг кўплиги сабабли у маълум даражада қон депоси бўлиб ҳисобланади, катта одамлар терисида 1 литргача қон тўпланиб туриши мумкин. Шунингдек, гиподерма ёғ ва сув депоси ҳисобланади.
  3. Сезиш: тери тактил, ҳарорат ва оғриқни сезувчи нерв охирларига бой бўлиб, кенг рецептор майдон ҳисобланади. Баъзи жойларда, масалан бош ва панжа терисининг 1 см2 юзасида 300 тагача сезувчи нуқталар борлиги аниқланган.
  4. Синтезлаш: ултрабинафша нурлари таъсирида терида витамин Д синтезланади, унинг етишмаслиги рахит касаллигига олиб келади.
  5. Секреция: терининг секретор фаолияти ундаги тер ва ёғ безлари орқали амалга ошади.
  6. Экскреция: тери туз-сув ва иссиқлик алмашинувида иштирок этади, кунига тери орқали 500 мл гача сув ажралади; сув билан бирга ҳар хил тузлар, кўпроқ хлоридлар ҳамда сут кислотаси ва бошқалар чиқарилади. Баъзи дорилар ва заҳарли моддалар ёғ ва тер безлари маҳсулоти билан чиқариб юборилади; тернинг таркиби кўпинча организм ҳолати билан узвий боғланган бўлади. Буйрак касалликларида терда сийдик кислоталари, мочевина миқдори орца, қандли диабетда унинг таркибида қанд пайдо бўлади.
  7. Абсорбсия: тери ўзидан айрим моддалар масалан, ёғда эрувчи моддалар, эфир, этил спирт ва бошқаларни яхши ўтказади, шунинг учун ҳам тиббиётда теридан ўта оладиган моддалардан тайёрланган мойсимон дорилар ишлатилади.
  8. Терморегуляция: танадан 82% иссиқлик тери орқали ажратилади, тана ўз иссиқлигининг маълум қисмини тер ажратиш орқали ҳам йўқотади [1].

Манбалар

  1. ↑ То'хтаев, Қ.Р.. Гистология, 2018.