Интеграл ҳимоя усули, уйғунлашган ҳимоя усули (ўсимликлар ҳимоясида) — ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан, шунингдек, бегона ўтлардан ҳимоя қилишнинг табақалашган тизимини яратишда турли усуллар (агротехник, механик, физик, биологик, кимёвий ва б.) мажмуи; И. ҳ. у.нинг асосий шарти — дала агробиоценозининг табиий таркибини сақлашдан иборат. И. ҳ. у.нинг асосий вазифаси ишлов бериш воситалари, усуллари, муддатларини зараркунанда ҳашаротлар ва касаллик қўзғатувчиларни кўплаб йўқотадиган, шу билан бирга уларнинг кушандалари — энтомофагларта зарар етказмайдиганларини танлашдан ҳамда одам, иссиққонли ҳайвонлар, асалари, ипак курти ва б.ни пестицидларнинг заҳарли таъсиридан ҳимоя қилиш чораларини излаб топишдан иборат. Ҳоз. замон тушунчасига кўра, И. ҳ. у. — маълум агробиоценоз доирасида ички ва популясиялараро муносабатларни бошқарувчи системадир. Агроценозда пестицидлар ва гербицидларни нотўғри қўллаш туфайли рўй берган бузилишлар И. ҳ. у. қўллашни тақозо этади. Ўсимликка кимёвий ишлов бериш ҳосилни сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга, бироқ кимёвий воситалар одам соғлиғига, уй ва овланадиган ҳайвонлар, асалари, ипак курти, шунингдек, энтомофаглар учун жуда хавфлидир.

И. ҳ. у.ни татбиқ қилиш эпифитотиянинг олдини олади. Бунга агротехник, биологик, кимёвий ва механик қарши кураш усулларини алмашлаб ва ўрни ўрни билан қўллаш натижасида эришилади. Энтомофагларни сақлаб қолиш ва зараркунандалар сонини хўжаликка зиёни сезилмайдиган даражада ушлаб туришни таъминлайдиган энг зарур тадбирлардан бири — зараркунандалар сонининг зарар келтириши мумкин бўлган иқтисодий чегара ҳисобларини и. ч.га татбиқ қилишдир. Бунинг учун экин майдонлари текширувдан ўтказилади ва қарши курашишга сарфланган восита ҳамда меҳнатнинг қопланиши учун зараркунанданинг қандай миқсорда бўлиши кераклиги аниқланади. Шунингдек, ўсимликнинг яхши ривожланишини таъминлайдиган ва уларнинг зараркунандаларга нисбатан чидамлилигини оширадиган агротехник ҳимоя тадбирлари сифатини яхшилаб, кимёвий кураш сонини камайтириш мумкин. Кимёвий препаратларни микробиологик препаратлар (энтобактерин, дендробациллин) билан алмаштириш, маълум бир ўчоқларда ишлов олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунанда ҳамда касалликларга чидамли навларини экиш ҳам катта аҳамиятга эга (қаранг Биологик ҳимоя усули).

Адабиёт

  • Элементи интегрированной системи зашити хлопчатника от вредителей, Т., 1985Султан Алимуҳамедов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил