Интерорецепсия, интероцепсия (лот. интериор — ички, реcептио — қабул қилиш) — ички аъзолар (юрак, қон ва лимфа томирлари, нафас аъзолари, овқат ҳазм қилиш йўллари ва б.) даги сезувчи нерв учлари (интероре-септорлар)нинг қўзғалиши натижасида вужудга келадиган импулсларнинг марказий нерв системаси томонидан қабул қилиниши. Инглиз физиологи Ч. Шеррингтон И.ни ўрганишни бошлаб берди. У И.нинг махсус типи пропри-орецепсияни топди ва мускул И.сининг ҳаракат реаксияларидаги аҳамиятини аниқлади. Ундан олдинроқ мускул И.си ролини И. М. Сеченов аниқлаган. И. П. Павловнинг ташқи муҳит анализаторлари билан бирга организм ички муҳитининг анализаторлари ҳам мавжудлиги ҳақидаги тушунчаси И.ни ўрганишда муҳим туртки бўлди. Бу тушунча И. П. Павловнинг шогирди К. М. Биков ва унинг мактаби томонидан ривожлантирилди. Улар интерорецептив шартли рефлекслар ҳосил бўлиши мумкинлигини аниқлаб, И.нинг катта ярим шарлар пўстлоғи ва унинг функсиясига таъсир қилишини исботлаб беришди. Бу нарса физиолог ва врачларга ички аъзолар таъсирчанлигини ўрганишнинг янги усулини очиб берди. И.ни ўрганиш натижасида тиббиёт на-зарияси ва тажрибаси учун муҳим бўлган омиллар аниқланди. Интероцептик импулсларнинг кучли оқими барча қон томирлар, юрак ва ўпкадан марказий нерв системасига ўтиб, томирлар тонусини тартибга солади. Ҳазм йўли ишини яхшилашда ҳам И.нинг аҳамияти катта. И. ва экстерорецепторлардан марказий нерв системасига келадиган таъсиротларнинг нисбати организм реаксиясининг бир бутунлилигини ва организм ички муҳитининг узлуксиз ўзгариб турадиган ташқи муҳит таъсирларига мослашишини таъминлайди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил