Ипак, пилла толаси – ингичка, пишиқ, ялтироқ, товланиб турадиган тола; ипак қуртининг ипак ажратувчи иккита безидан чиқувчи суюқликдан ҳосил бўладиган табиий тўқимачилик хомашёси. Ипак – ипак қурти пилласини ўраб турган узунасига бир-бирига ёпишмаган, серицин (ипак елими) билан қопланган ва елимланган икки толадан иборат. Бу толада 70-75% фиброин (оқсил модда), 20-25% серицин, 2-3% турли минерал моддалар, 1-1,5% мум ва ёғлар бор. Ипак қуртининг турига қараб, пилла толасининг узунлиги 400-1500 м, ингичкалигини ифодаловчи кўрсаткич – метрик номери (№) 2500-3500 ёки 0,4-0,3 текс бўлади. Битта пилладан олинадиган тола жуда ингичка бўлгани сабабли саноатда ишлатилмайди. Пиллакашлик фабрикасида пиллани қайнатиб, ҳар бир пилладаги тола учини топиб, чувилади. Толаларнинг 5-10 таси узунасига қўшиб йигирилиб, калава ҳолидаги хом ипак олинади. Қайнатилган пилланинг ҳаммасидан ипак чиқмайди; пилла толасининг 10-15% ғумбак билан бирга қолади.[1]

Бу қолдиқ пилла чиқиндисидир. Уларни ҳам йигириб ипак олинади. Нам Ипак толасининг пишиқлиги 10-15% га камаяди. Ипак яхши электр изоляция материали ҳисобланади. Ипак олиш учун катта меҳнат сарф бўлади. Шу сабабли ипак қимматбаҳо тўқимачилик хомашёсига киради. Ипакдан шойи тўқиш, пишитилган ип тайёрлаш ва техника, авиация, космонавтика, электротехника мақсадларида фойдаланилади (қаранг Пиллачилик).[2]

Манбалар

  1. ↑ Табиий ипак нима ва у нимадан иборат
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил