Исбот қилиш – жиноят-процессуал ҳуқуқда жиноят иши бўйича ҳақиқатни билиш жараёни бўлиб, у ишни қонуний, асосланган шу билан бир қаторда адолатли ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш ҳамда текшириш ва баҳолашдан иборат [1]. Таъкидлаш лозимки исбот қилишнинг умумий шартлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг ИХ бобида белгиланган [2]. Исбот қилишни суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд амалга оширади. Исбот қилишда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда уларнинг вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эга ҳисобланадилар. Исбот қилишда иштирок этишга гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ҳолислар, шу жумладан бошқа фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ҳам жалб этилиши мумкин. Улар қонунда белгиланган тартибда далилларни тўплаш, текшириш ҳамда баҳолаш билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга оширадилар ва шу билан биргаликда мажбуриятларни бажарадилар. Далилларни тўплаш, текшириш ҳамда баҳолаш жараёнида фуқароларнинг, шу жумладан корхоналар, муассасалар шунингдек ташкилотларнинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларини қўриқлашни таъминланиши шарт бўлади. Исбот қилиш жараёни маълум бир муддатлар билан чекланганлигини айтиб ўтиш лозим. Жиноят иши юзасидан суриштирув ўн суткадан ошмаган муддатда, дастлабки тергов эса жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб уч ойдан ошмаган муддатда тамомланиши ҳам муҳим. Исбот қилишда қуйидагилар тақиқланади : 1) шахсларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ёки қадр-қимматини камситувчи хати-ҳаракатларни содир этиш; 2) зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал ҳаракатларни бажаришга эришиш; 3) тунги вақтда, яъни кеч соат 22-00 дан эрталаб соат 6-00 гача тергов ҳаракатлари олиб бориш шулар жумласидандир.

Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш ҳамда жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно бўлади. Тергов ёки суд ҳаракатлари билан боғлиқ ишларни бажараётганда суриштирувчи, терговчи, прокурор, судя ва ишда мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этаётган шифокорлардан бошқа шахсларнинг ўзга жинсдаги шахсни яланғоч қилиб ечинтириш чоғида ҳозир бўлишлари қонунан тақиқланади. Давлат сирлари бўлган ҳужжатлар ёки нарсаларни кўздан кечириш шунингдек олиб қўйиш ва унга доир бошқа ҳаракатлар фақат суриштирувчи ёки терговчининг прокурор санксия берган қарорига биноан ёхуд суд ажримига кўра амалга оширилиши мумкин.

Манбалар

  1. ↑ Тойчиев, Н., эд (2009). "Исбот қилиш". Ўзбекистон юридик энсиклопедияси. Тошкент: „Адолат“ нашриёти. п. 223. 
  2. ↑ Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодекси