Ишчи кучи (инглизча: Лабор форcе, олмонча: Эрwербсперсоненпотензиал ) — бу инсон ақлий ва жисмоний қобилиятларининг йиғиндиси[1] бўлиб, жамиятнинг асосий ишлаб чиқарувчи кучи ҳисобланади. Ишчи кучи меҳнат қобилиятига эга бўлган кишилар учун хосдир. Лекин ишчи кучи инсоннинг ўзи эмас ёки унинг меҳнати ҳам эмас, унинг қобилиятидан иборатдир. Жамиятнинг миллий маҳсулоти ҳисобига ишлаб чиқаришнинг моддий-ашёвий омилларигина эмас, балки шахсий омили, яъни ишчи кучи ҳам такрор ишлаб чиқарилади.

Ишчи кучининг миқдори мамлакат аҳолисининг меҳнат фаолиятига лаёқатли бўлган қисми орқали ифодаланиб, у ишчи кучи ресурслари деб ҳам аталади. Инсоннинг ишчи кучи ресурслари таркибига киритилишининг асосий мезони бўлиб унинг ёши ва меҳнатга бўлган қобилияти ҳисобланади.[2]

Куала Лумпурдаги ўз хизматини таклиф қилаётган ишчи кучи эълони

Ишчи кучи ресурслари

Одатда ишчи кучи ресурслари таркибига 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар, 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллар киритилади. Лекин ижтимоий ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда банд бўлган нафақахўрлар ҳам ишлаши мумкин. Ишчи кучи ресурсларининг фаол ва потенсиал қисми фарқланади. Ижтимоий ишлаб чиқаришда банд бўлган шахслар ишчи кучи ресурсларининг фаол қисми ҳисобланса, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётганлар ва вақтинчалик уй хўжалигида банд бўлганлар потенсиал қисми ҳисобланади.

Ишчи кучини такрор ҳосил қилиш инсоннинг жисмоний кучлари ва ақлий қобилиятларини узлуксиз қайта тиклаб ва таъминлаб туриш, уларнинг меҳнат малакасини муттасил янгилаб ва ошириб бориш, умумий билим ва касбий даражаси ўсишини таъминлаш демакдир. Ишчи кучини такрор яратиш ходимларни ишлаб чиқаришга жалб этишни, тармоқлар, корхоналар, минтақалар ўртасида ишчи кучи ресурсларини тақсимлаш ва қайта тақсимлашни, уларнинг ходимларга бўлган эҳтиёжлари қондирилишини ва айни пайтда мавжуд ишчи кучининг иш билан тўла ва самарали банд бўлишини таъминлайдиган ижтимоий-иқтисодий механизмини яратишни ҳам ўз ичига олади. Ишчи кучини такрор ҳосил қилиш нисбатан мустақил иқтисодий ва ижтимоий муаммо бўлиб, бу муаммонинг айрим томонлари аҳолининг табиий ҳаракатлари шаклида намоён бўлади. Шу сабабли ишчи кучини такрор ҳосил қилишнинг асоси аҳолининг табиий кўпайиши ҳисобланади.

Ишчи кучи инсоннинг меҳнатга бўлган ақлий ва жисмоний қобилиятларининг йиғиндиси бўлганлиги учун бозор иқтисодиёти даврида инсон эмас, меҳнат жараёни ҳам эмас, балки ишчи кучи товар сифатида сотилади, унинг бошқа товарлар каби қиймати ва нафлилиги мавжуддир ва бинобарин, унинг бозори бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда кенг қўлланилаётган меҳнат бозори тушунчаси ўрнига ишчи кучи бозори, меҳнат ресурслари ўрнига ишчи кучи ресурслари дейилади.

Ишчи кучи ресурсларининг сони ва сифати мамлакат аҳолисининг сони ҳамда жинси ва ёши жиҳатидан таркиби билан белгиланади. Булар эса ўз навбатида аҳолининг табиий ҳаракатланишига боғлиқ бўлади.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Карл Маркс, „Капитал“, И том, гл. 4, 5, 17—24
  2. ↑ Ш.Ш.Шодмонов, Э.Ғ.Набиэв, У.В.Ғафуров Иқтисодиёт назарияси. Ўқув қўлланма. Тошкент-2007

Ҳаволалар