Iso ibn Mansur ar-Rofiqiy
Исо ибн Мансур ар-Рофиқий[1](847-йилда вафот этган) ар-Рофи’ий номи билан ҳам танилган[2]. Аббосийлар халифалиги даврида Миср ҳокими бўлган. 831-йилдан 832-йилгача ва яна 843-йилдан 847-йилгача бу лавозимда фаолият юритган.
Фаолияти
Исонинг келиб чиқиши ҳақида Мисрлик йилномачи Ибн Тағрибирдий: "Исо ибн Мансур ибн Мусо ибн Исо ар-Рофиқий, Қайс Айлон қабиласининг Бану Наср ибн Муовия мавлоси " деб таърифлаган[3]. 830-йилда у Мисрнинг Ҳавф туманида Абдавайҳ ибн Жабала ҳокимлиги давридаги қўзғолонни бостиришда қатнашганлигини ал-Киндий ўз асарларида айтиб ўтган[4]. Кейинги йили Абдавайҳ лавозимидан кетганидан сўнг, Исо Миср ва Сурия маъмурияти бошқарувчиси Абу Ис’ҳоқ (бўлажак халифа ал-Муътасим, 833–842 йилларда ҳукмронлик қилган) томонидан унинг ўрнига ҳоким этиб тайинланган[5].
Исо ҳокимятга келганига кўп бўлмай, Қуйи Мисрдаги йирик қўзғолонга қарши курашишга мажбур бўлган. У ерда маҳаллий араблар ва қибтийлар ҳукуматга қарши чиқиш учун бирлашганлар. Исо қўзғолончиларга қарши курашишга тайёр бўлган, лекин у тезда ўз кучлари жуда заиф эканлигини англаган ва уларга чекинишга мажбур бўлган. Тез орада ал-Афшиннинг ёрдамчи кучлари Киренаикадан шарққа қараб юриб, 831-йил июл ойининг охирларида ал-Фустотга етиб келган. Нил дарёсининг мавсумий сув тошқинининг тўхташини кутганларидан сўнг, ал-Афшин ва Исо йўлга чиқиб, қўзғолончилар бошлиғи Ибн Убайдас ал-Фиҳрий қўшинларига тўқнаш келган ва уларни мағлуб этиган. Кейин Ал-Афшин Нил делтаси орқали жанг қилишни давом эттирган ва охир-оқибат 832-йил январда Искандарияга етиб борган. Исо эса Фустатга қайтиб кетиб, яна юриш қилган ва Тумайда исёнчиларга қарши бўлган курашда ғалаба қозонган[6].
832-йилда халифа ал-Маъмун (ҳукмронлик даври 813-833) Мисрга шахсан ташриф буюришга қарор қилган ва феврал ойида вилоятга етиб келган. У ерда ал-Маъмун Исони қаттиқ танқид қилган. Исони қўзғолоннинг келиб чиқишида айбдор деб топган ҳамда солиқ йиғувчиларнинг халққа нисбатан золимона муносабатда бўлишига йўл қўйганликда ва вилоятдаги ҳақиқий аҳволни яширганликда айблаган. Исонинг байроқлари олиб ташланган ва у Аббосийларнинг қора рангидан фарқли ўлароқ оқ либос кийишга мажбур қилинган[7].Шунингдек, Исо Миср ҳокимлигидан маҳрум этилган. Шундан сўнг, ал-Маъмун ва ал-Афшин қолган исёнчиларни мағлубиятга учратиб, Ибн Убайдусни қатл этишган[8].
843-йилда Исо яна Мисрнинг доимий ҳокими этиб тайинланган. Бу лавозимга дастлаб турк генерали Ашинас тайинланган. 844-йилда Ашинас вафот этганида, Исо унинг ўрнига Итахга ҳисобот бериб турган. Кейинчалик, у Исони ҳоким этиб тайинлаган[9].
847-йил август ойида халифа ал-Мутаваккил (847-861 йиллар ҳукмронлиги) тахтга келгач, Исо унга бай’ат қилган. Бироқ, бундан кўп ўтмай, октябр ойида у ҳоким лавозимидан бўшатилган ва унинг ўрнига Ҳарсама ибн ан-Надр ал-Жабалий тайинланган. Ҳокимятдан кетганига кўп бўлмай, Исо касалликка чалинган ва бир ойдан сўнг вафот этган[10].
Манбалар
- ↑ Ал-Кинди 1912, с. 189; Ибн Тагҳрибирди 1930, с. 215
- ↑ Ал-Мақризи 1987.
- ↑ Ибн Тагҳрибирди 1930.
- ↑ Ал-Кинди 1912.
- ↑ Ал-Кинди 1912, с. 190; Ибн Тагҳрибирди 1930, с. 215
- ↑ Ал-Кинди 1912, сс. 190–91; Ибн Тагҳрибирди 1930, сс. 215–16; Ал-Я'қуби 1883, с. 568; Моримото 1981, сс. 161–63; Кеннедй 1998, с. 83
- ↑ Бакер 2006, с. 178.
- ↑ Ал-Кинди 1912, сс. 191–92; Ибн Тагҳрибирди 1930, с. 216; Ал-Я'қуби 1883, с. 569; Ал-Табари 1987, сс. 188, 191; Моримото 1981, с. 165; Кеннедй 1998, с. 83
- ↑ Ал-Кинди 1912, с. 196; Ибн Тагҳрибирди 1930, сс. 255–56
- ↑ Ал-Кинди 1912, с. 196; Ибн Тагҳрибирди 1930, сс. 255–56