Itax
| Итах إيتاخ | |
|---|---|
| Таваллуди | номаълум |
| Вафоти | 849 |
| Фуқаролиги | Аббосийлар халифалиги |
| Қўшин турлари | Аббосий турк қўриқчиси |
| Хизматдаги йиллари | 848 |
| Жанг/уруш | Амориум қамали, бошқа Аббосийлар юришлари |
Айтах ёки Итах ал-Хазорий (арабча: إيتاخ الخزري) – Аббосийлар халифаси ал-Му’тасим (ҳ. 833–842) даврида турклар армиясининг етакчи қўмондонларидан бири.
Унинг исмида учрайдиган „ал-Хазорий“ нисбасидан маълумки, Айтах асли келиб-чиқиши Хазарлардан бўлган. Ривоятларга кўра, дастлаб Саллам ал-Абраш ал-Ходим деган кишининг ошхонасида ишлаган қул бўлган, шунинг учун унга „ал-Таббах“ яъни „ошпаз“ лақаби берилган[1]. 815-йилда эса халифа ал-Му’тасим уни ғулом сифатида сотиб олган.
Ал-Му’тасим даврида „турк гвардияси“ деб аталган элита қўшинлар сафида юқори мартабаларга эришган ва Амориум (Амурий) шаҳрининг талон-тарож қилиниши каби юришларда қатнашган. Шунингдек, Самаррада „соҳиб аш-шурта“ лавозимини эгаллаб, халифанинг шахсий гвардияси бошлиғига айланган[2]. 842-йилда халифа ал-Восиқ тахтга чиққанида, Айтах турк қўмондони Ашинас билан биргаликда халифаликнинг таянчларидан бири ҳисобланган[3]. 843/844-йилларда ал-Восиқ уни Яман ҳокими этиб тайинлаган[2]. 844/845-йилларда Ашинаснинг вафотидан кейин, Айтах Миср ҳокими этиб тайинланди, лекин унинг ўрнига Ҳарсама ибн ан-Надр ал-Жабалийни жўнатди[2]. Тарихчи Яъқубийнинг хабар беришича, ал-Восиқ даврида у Хуросон, Синд ва Дажла дарёси бўйидаги кичик вилоятлар ҳокими этиб ҳам тайинланган[2].