ИТТИСОЛ (араб. етишиш, бирлашиш) - суфийларнинг қарашларича, муҳиб (севувчи) ёки ошиқ ўрнидаги соликнинг маҳбуб (севилувчи) ёки ма’шуқ ўрнидаги Худога етиши, унга қўшилиши ва у билан бирлашиши бўлиб, соликнинг ўзидан фоний бўлиб (йўқолиб), Худода боқий бўлганидан (сақланиб қолганидан) сўнг юз беради.

Тасаввуфда иттисол мақомига етишган соликни иттисол аҳли ёки восил (қўшилган, етишган) деб аташади.  Суфийларнинг э’тиқодича, иттисол фано (фонийлик) мақомидан олдин ҳам, фано ҳолида ҳам юз бермайди, балки фақатгина солик вужудининг Худода боқий бўлганидан (сақланиб қолганидан) сўнггина юз беради. 

Чунки, шундагина солик Худо тажаллийси нуридан куйиб йўқолиб кетмайди, балки ундан куч олади. Турли хил ёки бир-бирига зид нарсалар бир жойда бўлганларида кучсизланадилар, ба’зи бир нарсалар эса бир жойда бўлганда бир-биридан куч олади. Шу сабабдан ҳам мукошафат (кашф қилиш, очиш) ва мушоҳадат (кўриш) чоғида иттисол аҳлида ҳеч қандай кучсизланиш юз бермайди ҳамда уларнинг кучлари йўқолишдан сақланади. Уларнинг кучлари йўқолишдан сақланар экан, уларнинг зотлари ҳам халқ билан бирга бўлиш ҳамда кўринадиган нарсаларни кўриш натижасида ўзгаришдан сақланади. Борди-ю иттисолдан сўнг бирор сабаб билан соликнинг ҳолида бирор ўзгариш ёки кучсизланиш юз берса, у иттисол мақомидан қайтган бўлади. Бироқ ҳақиқатда бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки, машҳур суфий Зуннун Мисрийнинг айтишича, агар солик бирор мақомдан қайтган бўлса ҳам, у ҳали ҳеч ким етмаган мақомдан эмас, балки бошқа мақомдан қайтган бўлади. Суфийлар наздида э’тисом (таяниш) иттисоли, шуҳуд (кўриш) иттисоли ва вужуд иттисоли каби уч даражаси бўлиб, э’тисом иттисоли аввал ниятни тўғрилаш, кейин иродатни софлаш ва сўнгра ҳолни мувофиқ қилишдан, шуҳуд иттисоли мўтадилликдан чиқиш, далил келтиришга эҳтиёжи қолмаслик ва сир тарқоқлигининг йўқолишидан, вужуд иттисоли эса банданинг Ҳакда фоний бўлишидан иборат. Бироқ айримларнинг айтишларича, маҳбуб ёки ма’шуқ ўрнидаги Худо сифатлари комиллигининг чегараси бўлмагани каби иттисол даражаларининг ҳам охири йўқдир. Бу ҳолатни сайр филлаҳ деб атайдилар. Солик бу дунёда қай манзилга (босқичга) етган бўлса ҳам, вусул манзилларидан биринчи манзилга етган бўлади. Шунингдек, охиратдаги абадий умрда ҳам унинг охирига етиб бўлмайди. Суфийлар орасида иттисол аҳли ёки восилларга ҳам турлича та’рифлар берилган. Жумладан, уларнинг қарашларига кўра, восилнинг уриниши Худо учун, иши Худо йўлида ва қайтиши Худо томон бўлиб, бирор нарса восилнинг сири ва уринишини маҳбуб ёки ма’шуқни мушоҳадат қилишдан ҳамда унга машғулликдан чалғита ва қайтара олмайди. Чунки ҳар қандай ҳолда ҳам восилнинг қайтиши ўз маҳбуби ёки ма’шуқи томон бўлади. Машҳур суфий Яҳё ибн Муоз Розий]восил тўғрисида шундай деган: «Амал қилувчилар қуйидаги тўрт турга бўлинадилар: тавба қилувчи, зоҳид, муштоқ ва восил. Тавба қилувчи тавбаси туфайли, зоҳид эса зуҳди туфайли, муштоқ ҳоли туфайли ҳақдан тўсилган бўлади. Биргина восилни бирор нарса ҳақдан тўсиб турмайди»[1]..

Манбалар

  1. ↑ тасаввуф Атамалари изоҳли луг'ати, ,Тошкент Ислом Университети Исломшунослилк илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳр 2015.