Ixtiro
Ихтиро — халқ хўжалигининг турли соҳаларида, ижтимоий-маданий қурилиш ва мудофаа соҳаларида ижобий самара берадиган, ўзига хос техникавий ечимга эга бўлган янгилик. Тор маънода — давлат томонидан тан олинадиган ва тегишли қонун билан муҳофаза қилинадиган янги техникавий ечим.
Ҳар қандай янгилик ҳам ихтиро бўлавермайди. Масалан, қуруқ илмий қоидалар, хусусан, кашфиётлар, амалга ошириб бўлмайдиган ва хато таклифлар (масалан, абадий двигател яратиш ҳақидаги таклифлар) ихтиро ҳисобланмайди. Ҳал қилинадиган масала фақат назарий эмас, балки амалий эҳтиёжларни қондирадиган бўлиши лозим. Ихтиро қонун билан муҳофазаланган давлатларда ҳар бир таклифнинг ихтиро бўлиш шартлари белгиланади. Бу шартлардан асосийси масаланинг энг янги ҳисобланган техник ечимидир. Муайян таклифни ихтиро деб ҳисоблаш учун ундан бир неча марта фойдаланиш имкони ҳам бўлиши керак. Ихтиронинг янгилиги, яъни биринчи эканлиги (кўпинча, ихтирочиликка оид ташкилотларга берилган ҳужжат — ариза санаси) олдин берилган муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар, ихтиролар эълон қилинадиган тегишли адабиётлар, кўргазмаларда намойиш қилинган экспонатлар ва бошқага мувофиқ, аниқланади.
Ўзбекистон Республикасида ихтирочи бўла олиш шартлари ва уни таснифлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1994-йилда тасдиқланган „Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари ҳақида“ги қонунда белгиланган. Ихтиро бўйича талабномаларни экспертиза қилиш, муаллифлик гувоҳномаси ва патент бериш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан амалга оширилади[1].
Яна қаранг
Манбалар
Ҳаволар
| Викилуғатда ихтиро номли мақола мавжуд. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |