Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat-protsessual kodeksi
Жиноят процессуал кодекси (ЖПК) — жиноят иши юзасидан тергов қилиш ва ишни судда кўриш тартибини белгилайдиган қонунларнинг муайян тизимга солинган мажмуи. ЖПК суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор ва суднинг жиноят ишини қўзғатишдан бошлаб, судда кўрилиб ҳал қилингунгача бўлган фаолиятини, тергов, суд ҳаракатларини ўтказиш, далил йиғиш, процессуал мухлатлар, жиноят ишини қўзғатиш, рад этиш, уни тугатиш ва тўхтатиш, айбдорни судга беришни, шунингдек, ишни апеллясия, кассация, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўришни ҳамда ҳукм ижросига оид масалаларни тартибга солади. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 1994-йил 22 сентабрда қабул қилинган. Унда жиноят ишини текширишда фуқароларнинг , жамоатчилик, корхона, муассаса ва ташкилот вакилларининг қатнашуви ва процессуал ҳуқуқлари ҳам баён қилинган. ЖПК нормалари жиноятни тез ва тўла очиш, ҳақиқатни аниқлаш, айбдорни одилона жазолаш учун хизмат қилади. Кодекснинг охирги боблари алоҳида тартибда юргизиладиган, жумладан вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларга бағишланган[1].
Кодексга киритилган қўшимчалар
Президент томонидан „Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-просессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида“ги қонун имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда жиноят ишларида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кўриб чиқилди ва кенгайтирилди:
- шахс амалда ушланган ёки уни ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири якунланган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ просессуал ҳаракатлар амалга оширилгунга қадар ҳимоячи билан холи учрашиши та’минланади;
- тезкор-қидирув фаолиятни амалга оширувчи органлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчидан аризалар, тушунтиришлар ва кўрсатувлар олиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судянинг ёзма рухсатига асосан фақат ҳимоячи иштирокида амалга оширилади (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно).
Киритилган ўзгартиришларга кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан э’тиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этиши белгиланган (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган). Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар тоифасига қуйидагилар киритилган:
- дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар;
- ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар;
- шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган;
- айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар[2].
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ Бугун.уз. „Ўзбекистонда жиноят ишида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар кенгайтирилди“. ҳттпс://бугун.уз/. 2021-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 18-феврал. „архив нусхаси“. 2021-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 7-июл.