Jamol Posho
- Википедияда исми Жамол бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Жамол Пошо (1872, Истанбул -1922.21.7, Тбилиси) — Ёш турклар инқилобининг фаол иштирокчиси, "Иттиҳод ва тараққий" партияси раҳбарларидан бири. 1908 й.дан Туркияда муҳим ҳарбий лавозимларда ишлади. 1913 й. 10 январда бўлган ҳарбий давлат тўнтаришидан сўнг Анвар пошо ва Талъат пошо билан бирга мамлакатни бошқаришга киришди. Туркия ҳарбий денгиз кучлари вазири (1913—18). Биринчи жаҳон уруши даврида Туркия сиёсатида муҳим рол ўйнади. Урушда Туркиянинг енгилиши натижасида иттиҳодчилар ҳукумати истеъфога чиққач, сафдошлари Анвар пошо ва Талъат пошо билан бирга Туркияни тарк этди (1918 й. 3 ноябр). Ж. п. Берлиндан 1920 й. майда Москвага келди. Совет режими унинг ёрдамида Туркистондаги "босмачилар" (истиқлолчилар)га таянган ҳолда Афғонистон орқали Ҳиндистонда турган инглизларга қарши кураш олиб бормоқчи бўлди. Халил пошо билан бирга Туркистонга келгач, ўзининг ёрдамчиси Рагиббей ва фарғоналик Қори Камолни қўрбошилар ҳузурига жўнатди. Туркистон матбуотида ёзилишича, Бухоро боскини даври — 1920 й. 1 сентабрда у Туркистон фронти қўмондони М. В. Фрунзе ўрнашган Самарқандда эди. 1920 й. кузида у Тошкент ва Бухоро орқали Кобулга жўнатилди. БХСР Афғонистон томонидан тан олинишида сезиларли ҳисса қўшди.
1921 й. сентабрда советларнинг талаби билан Кобулдан орқага қайтди. Бу пайтда Бухорода бўлган Анвар пошо билан учрашишга Россиянинг БХСРдаги вакили К. К. Юренев йўл қўймади ва Ж. п. Чоржўй орқали Москвага жўнайди. РСФСР ташқи ишлар комиссари ўринбосари Л. М. Карахан билан учрашгач, у болшевиклар билан ҳамкорликни тўхтатди. 1922 й. юртига қайтаётганда Тифлис (Тбилиси)да Карапет бошлиқ арман террорчилари (совет чекистлари) (қаранг Дашноқсутюн) томонидан сирли равишда ўлдирилди.[1]
Адабиёт
- Аҳмад Закий Валидий Тўғон, Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Т., 1997.
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |