Жамшид ([дʒæмˈʃиːд]) (форсча: جمشید‎‎, Жамшēд; Ўрта ва Янги форсча: جم, Жам) – қадимий афсоналарга кўра, Эронда энг аввал ҳукмдорлик қилган пешдодийлар сулоласининг тўртинчи ва энг буюк ҳукмдори. Шоҳ Таҳмурасдан сўнг 700 йил подшоҳлик қилган Жамшид Истахр шаҳрини бунёд этиб, мамлакатда беҳад фаровонлик вужудга келтирган, шаробни ихтиро қилиб, Наврўзни янги йил байрами сифатида нишонлашни жорий этган эмиш. У ҳатто Зардуштдан илгари Эронда мавжуд бўлган бир диний мазҳабга асос солган, ойна (Ойини Жам) ихтиро қилган ҳамда одамларни ҳайвон терисига ўраниш ўрнига газламадан тикилган кийим кийишга ўргатган, давлат тузумини ташкил этиб, аҳолини табақаларга бўлган. Бу мазҳаб ва ойна қуёшу табиатга боғлиқ ва айшу ишрат билан уйғунлашган бир суратда таърифланади. Гўёки Жамшид ўз шону шавкати ва салтанатидан мағрурланиб кетиб, худолик даъвосини қилган эмиш. Оқибатда Арабистон ярим оролидан, эҳтимол Ямандаги од қавмидан Заҳҳок исмли бир хукмдор бостириб келиб, Эронни Жамшиддан тортиб олган экан. Сўнг, Заҳҳок икки елкасидаги икки илонга маҳаллий аҳолининг навқирон ўғиллари миясини едира бошлабди. Шунда ўғилларидан ажраган бир Кова исмли темирчи бош кўтариб, Заҳҳокни ўлдирибдида, тахтни Жамшид наслидан бўлмиш Фаридунга олиб берибди. Фаридун адолат билан давлатни идора қилиб, кексайгач уч ўғлига мамлакатни бўлиб бериш билан Ҳазрат Нуҳнинг мақомларига эришибди.

Жамшид
Расмда Жамшиднинг Заҳҳок олдида иккига бўлинганлиги тасвирланган.
Бошқа тиллардаги исм ([дʒæмˈʃиːд]) (форсча: جمشید‎‎, Жамшēд; Ўрта ва Янги форсча: جم, Жам)
Болалари Фаридун

Жамшидни баъзилар Ҳазрат Сулаймоннинг айнан ўзлари, деб таъкидлашади. Жамшид, шаробни ихтиро этганлиги боисидан, шоирлар ўртасида „Қадаҳий“ (Жоми Жам) номи билан ҳам машҳурдир. Кейинчалик топилган қад. ҳинд брахманлари афсоналарига кўра, бу ҳикоянинг ҳинд афсоналаридан нақл этилгани маълум бўлади. Ҳақиқатан, Зардушт браҳманийлар динидан ажралиб чиқиб, алоҳида бир мазҳаб таъсис этгани учун ватанидан бадарға қилиниб, Эронга келиб қолган. Шунга биноан эронийлар қад. ҳинд афсоналарини ўрганишган. Қадимий Эроннинг тарихи Зардуштнинг китоби бўлмиш Зандовастодан олингандир. Қад. ҳинд афсоналарида Жамшид ёки Жомо Шайдо қуёшни англатувчи бир маъбуд исми бўлиб, бу исмни ташкил қилувчи сўзларнинг биринчиси – „ҳукмдор“ ва иккинчиси – „қуёш“ маъносидадир, яъни „қуёш подшоҳ“ демакдир.

Жамшид ҳақида Навоий, Фирдавсий, Табарий, Беруний асарларида ҳам эслатиб ўтилган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил