Олма дарахтларининг жаҳон коллексияси ЎзМИИРда (Ўзбекистон ўсимликчилик илмий тадқиқот институти)

Жонатан — кечпишар олма нави. Америкадан келтирилган. Жаҳон сортиментидаги асосий навлардан бири. Дарахти ўрта бўйли, шох-шаббаси кенг. Кўчати ўтқазилгач, 5-йили ҳосилга киради. Апр.нинг ўрталарида гуллайди. Меваси ўртача (100—120 г), юмалоқчўзиқ, сирти текис, оч қизил рангда. Эти сарғиш, ширин, сершира, хушбўй. Таркибида 16,9% қуруқ модда, 12,2% қанд, 0,5% кислота, 6,8 мг% витамин С мавжуд. Меваси август охирида етилади, ноябр охири — дек. бошларигача яхши сақланади. Тўлиқ ҳосилга кирганда тупидан 150—200 кг ҳосил олинади. Совуққа чидамли. Унумдор тупроқларда ва яхши парвариш қилинганда мўл ҳосил беради. Айрим вақтларда меваси сақланганда доғлар ҳосил бўлиб, мазаси, кўриниши ўзгаради. Дарахти уншудринг билан касалланади. 1963-йилдан Ўзбекистоннинг барча вилоятлари учун раёнлаштирилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил