Юра системаси (ДАВРИ) — мезозой эрасининг бошидан 2-давр. Франсия ва Швейсариядаги Юра тоғлари номи билан аталган. Радиогеологик метод билан аниқланишича, Юра системаси бундан 190—195 млн. йил аввал бошланиб, 69 млн. йил давом этган. Бу терминни фанга франсуз геологи А.Броняр (1829) киритган. У триас системасидан кейин бўр системасидан олдин келади. Юра системаси 3 бўлим (қуйи, ўрта, юқори) ва 11 ярусга бўлинади.

Юра жинслари барча қитъаларда тарқалган; океан тубидагилари бурғилаш йўли билан аниқланган. Таркиби ва пайдо бўлиш шароитларига кўра турлитуман; улар денгиз ва қуруқликдаги қумтошгилли жинслар бўлиб, кейинчалик гилли ва апсидли сланецларга (геосинклинал областларда) айланган, карбонатли жинслар (асосан, оҳактошлар), тузли қатламлар ҳамда вулканоген жинслар, жумладан, сув остида ҳосил бўлган жинслар (Шим. ва Жанубий Американинг ғарбий чеккалари, Шарқий Осиё ва Ўрта денгиз минтақасининг баъэи бир майдонлари)дан иборат. Ғарбий Европа, Қрим, Кавказда кимериж билан оксфорд яруслари орасида лузитания яруси ажратилади. Триас системасига нисбатан Юра системасида тектоник ҳаракатлар авж олади. Геосинклиналларда бурмаланишлар содир бўлади. Тинч океан чеккаларида бурмаланишлар янада шиддатли кечади. Платформаларда денгиз босиб кириши (трансгрессия) ва чекиниши (регрессия) бўлиб ўтади. Ер пўстининг платформа қисмларида ёриқлар ҳосил бўлиб, яхлит қуруқлик 2 га — Лавразия ва Гондвана материкларига бўлина бошлаган ва Ер курраси қиёфаси бутунлай ўзгариб кетган. Юра системаси бошларида материкларнинг кўп қисмида қуруқлик сақланиб, фақат 18% денгиз билан қопланади. Денгиз, асосан, геосинклиналларда ва ёш эпигерсин платформаларида жойлашади. Булардан ташқари, материкларнинг катта қисмида иқлим жуда сернам бўлган, натижада субаквал муҳитда ўсимлик қолдиқларига бой бўлган континентал формациялар тўпланган. Марказий Америка, Австралиянинг шарқий қисмида, қисман Европада кўмирли формациялар кенг тарқалган гумид типли (мас, Манғишлоқда), шунингдек арид типли (Хитой жан., Ҳиндистон) қизил рангли ётқизиқлар тўпланади. Палеогеографик ва палеотектоник шароитларда чўкиндилар тўпланиши бўйича ўрта юра даври қуйи юрадан деярли фарқ қилмайди (қуйи юра даврида чўкиндилар ҳосил бўлган умумий майдон анча кўпайган, жумладан, Шарқий Европа ва Шимолий Америка платформаларида). Юқори юра даврида муҳим тектоник ўзгаришлар содир бўлган. Шарқий Европа платформаси, Арктика ҳавзаси, Шарқий Африка, Мадагаскар ва Ғарбий Австралияни сув босади. Қояли тоғлар шарқий қисмида ГалфКоста ботиғи ва унга ёндошган МексикаАнтил геосинклиналида денгиз ҳосил бўлди. Венесуэладан бошлаб Оловли Ер о.га қадар ягона денгиз таркиб топади. Трансгрессия карбонатли формацияларнинг кўпроқ тўпланишига олиб келади, шу билан бирга бошқа геологик даврлардан фарқи карбонат формациялари Евросиё ва Африкада геосинклинал областлар ташқарисида ҳам тўпланади ва буларга ёндошган Европа, Шимолий Африка ва Арабистон платформалари ён бағирларигача тарқалади. Юқори юра даврида эвапоритлар седиментацияси (чўкиши) анча жадаллашган. Умуман, Юра системасида нефтгазли формацияларнинг тўпланиши учун жуда қулай палеотектоник ва палеогеофафик шароитлар юзага келган. Бу давр формациялари билан энг кўп нефтгаз областлари боғлиқдир. Уларнинг асосий қисми Лавразия гуруҳидаги океанконтинентал типли литосфера плиталари билан боғлиқ (шундан Евросиёда 45 та, Шимолий Америка литосфера плитасида 20 та). Континентал литосфера плиталарида фақат 16 та нефтгаз областлари мавжуд. Булар турли бурмаланишларнинг геоструктуравий элементларида (токембрийдан алп бурмаланишигача) жойлашган.

Платформаларнинг икки гуруҳида углеводородларнинг ҳудудий тўпланиши — карбонат, карбонатбўлакли, бўлакли денгиз, шунингдек, бўлакли континентал формацияларида жойлашган. Бошқа системалардан Ю.снинг фарқи шундаки, бу даврда Гондвана гуруҳидаги материкларда углеводород карбонатли денгиз формацияларида кўпроқ тўпланган, Лавразия гуруҳига мансуб бўлган геосинклиналларда эса Гондвана карбонатли денгиз ва континентал бўлакли формацияларда юзага келган.

ЙУ.с ҳайвонот дунёси турлитуман моллюскалар (аммонит, амалтеус, макроцефалитис, виргатитес, белемнитлар, икки паллалилар, гастроподалар ва бошқалар), брахиоподалар, игнатанлилар ва маржонлардан иборат. Баҳайбат динозаврлар ҳам Юра системасида пайдо бўлган. Сувда яшайдиган динозаврлар, учувчи калтакесаклар кенг тарқалган. Ю.с да дастлабки қушлар пайдо бўлган. Ҳоз. музликлар билан қопланган Гренландия ва Антарктида ҳудудларида ҳам яшил ўрмонлар мавжуд бўлган. Бу даврда умуртқали ҳайвонлардан баҳайбат (уз. 25–30 м, оғирлиги 50 т) динозавр ва ихтиозаврлар, баликдар яшаган. Сувда ва қуруқликда яшовчилар (амфибиялар)дан бақа пайдо бўлган. Ўсимликлардан папоротниклар, игнабарглилар, сикафодитлар ва бошқалар кенг ривожланган. Бу давр ётқизиқлари Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистонда Фарғона тизмаси, Ҳисор тизмасининг жан.ғарбий этаклари, Ўзбекистон ғарби ва Устюртда кенг тарқалган бўлиб, конгломерат, қумтош, гилтош, оҳактош, ангидрит каби жинслардан таркиб топган. Ўрта юра бошларидан Ўзбекистоннинг ғарбий ва жан. ҳудудларида трансгрессия юз берган. Юқори юракелловей ва оксфорд яруслари давомида Ҳисор тизмасининг жан.ғарбий этаклари, ҳозирги Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудуди, Туркманистон ва Тожикистоннинг баъзи жойлари чуқур денгиз билан қопланган. Шу сабабли бу ерларда ҳозирги денгиз ётқизиқлари — оҳактош кўп. Худди шу ҳудудда кимериж яруси ва титон яруси бошларида денгиз чекиниб, ўрнида турли хил туз ётқизиқлари ҳосил бўлган. Ҳоз. Фарғона водийси ҳудуди, Иссиқкўл атрофи Юра системаси бошидан охиригача қуруқликдан иборат бўлган. Юра системасида иқлим юмшоқ ва нам бўлган. Дарёлар ва ботқоқликлар атрофида турлитуман ўсимликлар ўсган. Ўрта Осиёдаги барча кўмир конлари, Туркманистондаги Ягман, Тожикистондаги Шўроб, Қирғизистондаги Кўкёнғоқ, Ўзбекистондаги Ангрен,Шарғун кўмир конлари Юра системасида ҳосил бўлган. Урал—Эмба, Манғишлоқдаги нефт конлари, Бухородаги газ конлари ҳам шу даврда пайдо бўлган. Ю.с ётқизиқлари, асосан, чўкинди ва отқинди тоғ жинсларидан таркиб топган бўлиб, кўп жойларда учрайди. Юра ётқизиқлари билан кўмир (14%) ва нефт (15% атрофида)нинг дунё бўйича захиралари боғлиқ. Юра системасига мансуб йирик кўмир конлари Шарқий Сибир, Байкал орти, Узоқ Шарқ, Болқон ярим орол, Эрон, Монголия, Хитой, Корея ва бошқалар раёнларда мавжуд. Нефт ва газ конлари Каспий олди, Кавказ, Ғарбий Сибир, Шимолий Америка, Яқин ва Ўрта Шарқда топилган. Юра системаси давридаги нураш пўсти билан боксит, каолин, темир, никел конлари ва баъзи олмос сочмалари боғлиқ. Ю.сдаги магматик жараён билан Россия Федерацияси ҳамда Шимолий ва Жанубий Американинг ғарбида қўрғошинрух, камёб ва нодир металлар конлари ҳосил бўлиши алоқадор.

Манбалар