Журжоний, Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Саййид Шариф [1339, Астробод яқинидаги Тогу (Тожу) қишлоғи — 1413, Шероз] — Амир Темур даврида яшаб ижод этган йирик мутакаллим, файласуф, шоир ва мунажжим. Шероздаги "Дор уш-шифо" мадрасасида 10 йил мударрислик қилган, Олтин Ўрдада узоқ муддат яшаб, Жонибек даври (1341 — 1357)да йирик аллома сифатида шухрат қозонган, мазкур хонга атаб араб тили грамматикасига доир "Мутаввал" асарини ёзган. Амир Темур Шерозни забт этгач, уни Сама-рқандга олиб келган (1387). Ж. Самарқандда бутун Мовароуннаҳр олимлари раҳбари даражасига кўтарилган. У бу ерда мударрислик қилиш билан бирга араб ва форс тилларида илми калом, фалсафа, мантиқ, наҳвга доир кўплаб рисолалар ("Ал-Усул ул-мантиқийя", "Таржумон ул-Қуръон", "Фанн ул-муаммо ва усули ва тасорифи бафорсий" — "Муаммо фани ва унинг форс тилидаги усули ва турланиши" ва б.) битди, усули фиқҳ, фалсафага оид энг муҳим асарлар (мас, Саккокий, Замахшарий, Қутбуддин Розий, Тафтазоний ва б. рисолалари)га шарҳлар ёзди. Ж. шеърият мухлиси бўлиб, ўзи ҳам гўзал ғазаллар битган. У Амир Темур вафотидан кейин Шерозга қайтиб кетиб, ўша ерда вафот этган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил