Juvoz
Жувоз (форс. — ўғир) — мойли ўсимликлар уруғидан (мае, чигитдан) мой чиқарадиган дастгоҳ, мойжувоз. Ж. қандай ўсимлик уруғидан мой и. ч.ига кўра бир неча хил бўлади, чунончи: мой Ж., шоли оқланадигани — обжувоз, қоғоз Ж. Улов (от, ҳўкиз) ёки сув кучи билан юритилади. Ж. кунда, ўқ, қайиқ, гажак, ёғоч (мўмиқ), тўғин каби қисмлардан иборат бўлади. Кунда (уз. 3 м ча, йўғон томонининг диаметри 55—60 см) ўрик, тут, қайрағочдан тайёрланади. Ингичка томони ерга 2 м ча кўмилиб, устки гозаси ўғир шаклида ўйилади ва юкхона деб аталади, унга чигит, кунжут, зиғир, турли уруғ (қовун, кунгабоқар ва б.), яъни хом ашё солинади. Юкхонанинг ўртасидан ўқ учи сингари қилиб ғазна ўйилади. Ғазна чуқурчасида ўқнинг айланиши натижасида хом ашёдан сизиб тушган ёғ тўпланади. Ўқни айлантириш учун унинг учига гажак (уз. 1,2 м ча ёғоч) бириктирилади. Гажакнинг пастки учи қайиқ (уз. 1 м ча, йўғон юзасининг бир томони ўйиб ичига тош тўлатилган, икки ёнидаги тешикларига кундани ўраб ўтган тўғиннинг учлари қоқилган қурилма) ўртасидаги ёғоч (мўмиқ)га боғланади. Ж.га қўшилган улов юрганида қайиқни олдинга суради, қайиқ эса гажакни, гажак ўз навбатида ўқни айлантиради, ўқ хом ашёни эзиб, таркибидаги мойни ғазнага ҳайдайди. Ғазна мойга тўлгач, жувозкаш Ж.ни тўхтатиб, мойни олади. Мой берувчи ўсимлик уруғларидан жувозларда олинадиган мой Ж. мойи деб аталади (асосан зиғир уруғидан тайёрлангани учун зиғир ёғи деб ҳам юритилади). Ж. мойи кунжут, кунгабоқар, қовун уруғи, чигит ва ёнғоқ мағизидан аралаштириб тайёрланганда шифобахш неъматга айланади. Қоғоз Ж.да эски увада, ёғоч кукуни ва б. эзиб, ун қилинган, сўнг қайнатиб, ундан қоғоз қуйилган.
Ж. ҳайдайдиган киши жувозкаш, унинг машғулоти, касби жувозкашлик дейилади. Жувозкашлик қадим замонлардаёқ пайдо бўлган Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон қишлоқларидаги йирик деҳқон хўжаликлари мой ишлаб сотиш учун, баъзан майда деҳқон хўжаликлари эса ўз эҳтиёжи учун шахсий жувозхонага эга бўлганлар. Ёғ ва қоғоз саноатининг ривожланиши туфайли жувозкашлик касби анча сусайди. Ҳозир ҳам Ж. учраб туради.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |