Жузв (араб. — қисм, бўлак) — арузнинг энг кичик унсури. Ҳарф ва ҳаракатларни унли ва ундош товушларга ажратиш мумкин, араб ёзувида 28 ундош ҳарф (товуш) бор. Унли ҳарфлар эса учта: алиф, ё, вов, бу 3 унлини чўзиқ деб ҳам айтишади, шу билан бирга, ундош ҳарфларнинг ости ё устига қўйиладиган ост, уст белгилар билан кўрсатилувчи (қисқа) унлилар ҳам бор, улар учта: забар - а; зир - и, э; пиш - у, ў. Арузнинг кичик бўлаги бўлган Ж. шу ҳарф ва ҳаракатлардан ясалади, бу ҳол бўғин тушунчасига зид эмас, чунки бўғин ҳам шу унли ва ундош ҳарф (товуш)лардан ташкил топади.

Ундош ҳарфлар ости ё устига ҳаракатлар (забар, зир, пиш) қўйиб очиқ бўғинлар, устига сукун (^) қўйиб, ёпиқ бўғин ясалиб келинган. Унли билан тугаган бўғин очиқ, ундош билан тугаган бўғин ёпиқ дейилади: камар сўзида биринчи бўғин (ка —) очиқ, иккинчи бўғин (— мар) ёпиқдир. Алишер Навоий туркий арузда ҳаракат ҳарфга, ҳарф ҳаракатга ўтиши мумкин деб таъкидлайди. Масалан, "қилди" сўзини — тарзида ҳам, — В тарзида ҳам ҳисоблаш мумкин бўлади. Ж.лар учта: 1) сабаб (араб, арқон), у икки хил бўлади: а) енгил сабаб (араб, сабаби хафиф) — бир ҳаракатли ва бир сукунли ҳарфдан тузилади: май; б) оғир сабаб(араб, сабаби сақил) — иккита ҳаракатли ҳарфдан тузилади: кўзи 2) ватад (араб, қозиқча), у икки хил: а) йиғиқ ватад (ватади мажмуъ), — иккита ҳаракатли ҳарф ва бир ҳаракациз — сукунли ҳарфдан ясалади: самар; б) ёйиқ ватад (ватади мафуқ) — иккита ҳаракатли ҳарф орасида бир ҳаракациз ҳарф келишига боғлиқ: нома; 3) фосила (араб, палое), бу ҳам икки хил: а) кичик фосила (фосили суғро) — учта ҳаракатли ҳарф ва охир ва бир ҳаракациз ҳарф иштирокига қарайди: юрагим; б) катта фосила (фосилаи кубро) — тўртта ҳаракатли, сўнг бир ҳаракациз, яъни сукунли ҳарфдан пайдо бўлади: яшамаган. Араблар чодир уйларда яшаб келганлар ва бу уйни "байт" деб атаган, улар икки миёра шеърни ҳам байт (уй) деб аташганлари учун, байтдаги метрик унсурларни чодирда ишлатувчи нарсалар номи билан арқон (сабаб), қозиқ (ватад), палое (фосила) деб номлашган ва бу ҳол кўчма маъно олади. Арузнинг таянчи бўлган рукнлар шу Ж.лардан юзага келади (к,. Рукн). Ж.нинг ўзгачароқ талқинлари ҳам бор, аммо моҳияти битта.

Адабиёт

  • Алишер Навоий , Мезон улавзон, Т., 1949; Бобур, Мухтасар, Т., 1971; Тўйчиев У., Ўзбек поэзиясида аруз системаси, Т., 1985.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил