Винcент ван Гогҳ (1884)

Каламушлар (Раттус) — кемирувчилар туркумининг бир уруғи. Сичқонсимонлар оиласига мансуб. Танаси чўзиқ, думи узун ва тангачалар билан қопланган. Калта оёғида сийрак жун бор. Қулоғи катта, жуни сийрак (айрим турлариники жунсиз). 60 тури маълум. Ер юзида кенг тарқалган. Ўзбекистонда омбор, яъни кулранг каламуш ва туркистон каламуши, Туркманистонда қора каламуш тарқалган. Омбор каламушларининг бўйи 25 смгача, думи нисбатан калтароқ, кам жун, кўпинча тангачалар билан қопланган, малла ёки жигарранг аралаш қўнғир тусли, қорни хира оқ. Ер юзида кенг тарқалган. Ватани – Шарқий Хитой. Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши даврида пайдо бўлган. Урушдан кейинги йилларда Тошкентда ариқ бўйи, молхона, омборларда кулранг каламушлар кенг тарқалиб, туркистон каламушларини сиқиб чиқарди. Омбор каламушлар жуда серпушт. Урғочиси йилда 3 марта, ҳар гал 1–15 тадан болалайди. Боласи 3–4 ойда вояга етади. Каламушлар ҳайвонлар мурдаси, ўсимликлар ва уларнинг қолдиқлари билан озиқланади. Озиқ-овқат, донларга, баъзан мўйна, газмолларга зарар етказади. Албинос формаси (оқ каламушлар) лабаратория ҳайвони ҳисобланади. Туркистон каламушининг бўйи 12–23 см, думи бўйига тенг . Ранги омбор каламушларга ўхшайди, аммо қорни анча оқ. Шимолий Ҳиндистон ва Ўрта Осиё тоғларида яшаб, кўпинча ёнғоқзорларда дарахт илдизлари остида ва турли ковакларда уя ясайди. Жуда серпушт. Бир йилда 4–5 марта 2–13 тадан болалайди. Ҳар хил ўсимлик ва майда жониворлар билан озиқланади. Тоғда меваларга зарар етказади. Каламушлар ўлат каби юқумли касалликларни тарқатади. Қора каламушлар гавдасининг узунлиги 13–19 см, думи 13,5–23 см ватани – Ҳиндистон. Бу ердан ҳамма қитъаларга ўтган. Ўрта Осиёда фақат Туркманистонда учрайди. Йилда 3–5 мартадан 4–13 тагача болалайди. Каламушларга қарши курашиш учун механик, кимёвий ва биологик воситалардан фойдаланилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил