Зиёсферада исми Карим ва фамилияси Баҳриев бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Баҳриев Карим Ҳакимович (1962-йил 15-июл; Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғи — 2026-йил 29-март; Тошкент) — ўзбек журналисти, шоир, ёзувчи, таржимон, публицист.

Карим Баҳриев
Файл:Карим Баҳриевуз.жпг
Таваллуди
Баҳриев Карим Ҳакимович

15-июл 1962-йил
Вафоти 29-март 2026-йил(2026-03-29)
(63 ёшда)
Тошкент
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Таълими
Касби Ёзувчи, журналист, таржимон ва сиёсатчи
Миллати ўзбек
Дини ислом
Турмуш ўртоғи Илмира Раҳматуллаева
Болалари 4
Мукофотлари Мустақиллик кўкрак нишони (1996, 2006, 2011, 2021)

ХИИ чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Совети депутати (1990—1995).

Ҳаёти

1962-йил 15-июлда Самарқанд вилояти Ургут туманининг Ғўс қишлоғида туғилган[1]. Самарқанд давлат университетини ва 1985-йилда Москва давлат университетининг журналистика факултетини тамомлаган[2][3].

1990-йилдан 1995-йилгача Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 12-чақириқ депутати бўлган[1]. Баҳриевнинг ташаббуси билан 1990-йилда Ўзбекистон мустақиллиги декларацияси қабул қилиниши пайтида қонунчиликка Ўзбекистон қонунларининг СССР қонунларидан устуворлигини тасдиқловчи модда киритилган[4].

1996-йилда Президент фармони билан Ўзбекистонда биринчи мустақил газета — „Ҳуррият“ ташкил этилди. Каримов Олий Кенгашдаги фаолиятидан шахсан билган Баҳриев бош муҳаррир этиб тайинланди. Синов сони 1996-йил 25-декабрда 5000 нусхада нашр этилган. Биринчи сони 1997-йил 8-январда чиқди. Бир қатор ўта танқидий ижтимоий мақолаларни нашр этган Баҳриев бешинчи сони нашр этилгандан сўнг бош муҳаррир лавозимидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди[5].

2000-йилда Баҳриевнинг „Сўз эркинлиги ҳақида сўз“ китоби Ўзбекистонда тақиқланган[2]. Мазкур тақиқ сабабли китоб нашрни молиялаштирган Сорос жамғармасининг Ўзбекистондаги бўлимининг ёпилишига олиб келганини даъво қилган[6]. ББC хабарига кўра, Каримов китобдан ғазабдалигини билдирган ва Баҳриевга мамлакатни тарк этиш тавсия қилинган. Бироқ, журналист бир қатор шартлар остида қолишга қарор қилган. Унинг мақолалари сензура қилинган, ҳар қандай раҳбарлик ёки вакиллик лавозимларида ишлаши тақиқланган ва хорижий оммавий ахборот воситаларига интервю бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинган[4][7].

Узоқ йиллар Ўзбекистон Олий судининг „Хўжалик ва ҳуқуқ“ ва „Миграция ва хавфсизлик“ журналларининг бош муҳаррири, „Олтин мерос“ халқаро хайрия жамғармасининг „Мерос-неwс“ ахборот хизмати раҳбари, Журналистлар уюшмаси жамоатчилик кенгаши раиси лавозимларида ишлаган. Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси кафедраси ўқитувчиси бўлган[3][8].

2026-йил 29-март куни вафот этган. Чиғатой қабристонига дафн қилинган[2].

Таржималари

Ўзбек тилидаги „Сабр косаси парчалари“, „Томчи“ шеърий тўпламлари; „Ҳақиқат талабгоримиз“ шеърлар, ҳикоялар ва достонлар тўплами; ўзбек тилидаги „Демократия ва инсон ҳуқуқлари“, „Журналистнинг ҳуқуқлари, бурчлари ва масъулияти“, „Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари“ каби илмий-оммабоп китоблар; ўзбек ва рус тилларида „Оммавий ахборот воситалари ва сайловлар“; ўзбек, рус ва инглиз тилларида „Сўз эркинлиги ҳақида сўз“; шунингдек, бир қатор танқидий ва таҳлилий мақолалар муаллифи[9].

Сенека, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ла Рошфуко, Ла Брюернинг фалсафий асарларини ўзбек тилига таржима қилган; Генри Форднинг „Менинг ҳаётим“, Жорж Оруэллнинг 1984 ва „Молхона“, Малколм Гладвеллнинг „Зукколар ва ландовурлар“, Светлана Алексиевичнинг „Чернобил таваллоси“ ва Абдураҳмон Авторхановнинг „Кремл қироллиги“ китоблари; Чингиз Айтматов, Дино Буззати, Жованни Папини, Коррадо Алваро ва Марсело Вентури асарлари; уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърлар тўпламлари ҳамда Рамиз Ровшаннинг шеър ва достонларини ўзбек тилига ўгирган.

Таржималари орасида Австралия, Озарбайжон, Англия, Ветнам, Германия, Греция, Дания, Ҳиндистон, Эрон, Исландия, Испания, Корея, Малайзия, АҚШ, Туркия, Франсия, Швеция, Япония, Африка мамлакатлари ва араб дунёси шоир ва ёзувчиларининг насрий асарлари, шеърлари ва балладалари бор[10].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 „Памяти коллеги и друга“ (ру). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 „Скончался известный журналист и поэт Карим Бахриев“ (ру). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  3. ↑ 3,0 3,1 „Карим Баҳриев“ (уз). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  4. ↑ 4,0 4,1 „Таниқли журналист ва сўз эркинлиги курашчиси Карим Баҳриев 64 ёшида вафот этди“ (уз). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  5. ↑ „Газета "Ҳуррият": пять выпусков, которые потрясли Узбекистан (история)“ (ру). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  6. ↑ „«Узбекские чиновники обижаются на критику как дети», — журналист Карим Бахриев“ (ру). Қаралди: 2026-йил 30-март.
  7. ↑ „Карим Баҳриев: Ўзбекистон 1991-йилдан сўнг чорак аср шахсга сиғиниш ва унинг зулмидан азоб чекиб яшади“ (2019-йил 6-август). 2021-йил 30-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 15-декабр.
  8. ↑ „Карим Баҳриев Мирзиёевга: Амалдорларга эмас, халққа суянинг“ (2020-йил 30-январ). 2020-йил 1-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 15-декабр.
  9. ↑ „Карим Баҳриев - чала сўз эркинлиги, Ислом Каримовни чўчитган лойиҳа ва журналист ша'ни ҳақида“ (2021-йил 17-январ). 2021-йил 30-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 15-декабр.
  10. ↑ „Карим Баҳриев: "МХХ Андижонда халқни отган"“ (2020-йил 16-март). 2021-йил 30-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 15-декабр.