Карпсимонлар , зоғорабалиқсимонлар (Cйпринидаэ) — карпсимонлар туркумига мансуб балиқлар оиласи. Танаси (узунлиги 2 см дан 1,5 метргача) сиклоид тангачалар билан қопланган ёки яланғоч. Жағларида тишлари бўлмайди, озиғи ҳалқумидаги ютиниш тишлари ёрдамида майдаланади. Евросиё, Африка, Шимолий ва Марказий Американинг чучук ва кам шўрланган сувларида тарқалган; Карпсимонлар 200 га яқин уруғ, 1500 га яқин тур киради. Ўзбекистонда 17 оилага мансуб 19 тури тарқалган. Турли хил сув ҳавзалари: тоғ воҳаларидаги дарёлар, кўллар ва сув омборларида яшайди. Планктон ва бентоссаги майда умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади; айрим турлари (амур хумбоши, оқ амур, қизил қанот), асосан, ўсимликлар билан озиқланади; оддий оққайроқ — йиртқич. Карпсимонлар, одатда, баҳорда урчийди, увилдириқ ташлаш даври 1—3 ой давом этади. Увилдириқларини (бир неча юздан 1 млн. гача ва ундан оптиқ) сувдаги ўсимликлар, тошлар ва қумга қўяди ёки бевосита сувнинг ўзига ташлайди. Карпсимонларнинг жуда кўп турлари, шу жумладан, Ўзбекистон сув ҳавзаларидан зоғора балиқ, мойбалиқ, товонбалиқ, қорабалиқ, оқча, оқ амур, амур хумбоши ва бошқалар овланади. Бир қанча турлари (карп, товонбалиқ, оқ амур, амур хумбоши) сув ҳавзаларида боқилади, Оқ амур, амур хумбоши Амур (дарё)Амур]] ҳавзасидан келтирилиб, Ўзбекистон сув ҳавзаларида иқлимлаштирилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил