Касситерит (юн. касситерос — қалай), қалайтош —оксидлар синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи СнО2. Таркибида Фе2О3 (13% гача), Та2О3, Нб2О3 (9% гача) ва ҳоказо қўшимчалари бор. Қалайнинг миқдори 78,6%. Тетрагонал сингонияли. Дипирамидал, устунсимон, нинасимон кристаллар ва донадор агрегатлар ҳолида учрайди. Ранги қўнғирдан қорагача, баъзан сариқ, қизғиш. Олмоссимон ялтироқ. Қаттиқлиги 6—7. Зичлиги 6—7 г/см3. Кўпинча қўнғир, баъзан жигарранг, олмосдек ялтирайди. Гидротермал, грейзен, пегматит ва сочма конлари маълум. К. конлари, одатда, нордон интрузив тоғ жинслари (гранит) билан боғлиқ. Ҳосил бўлиши магматикдан гипергенгача. К.нинг энг истиқболли саноатбоп тўпламлари гидротермал кварскасситерит ва сулфид касситеритли ертомирларда учрайди. К. Ўзбекистонда ХХ асрнинг 30-йилларида топилган, ҳозирги бир неча тури маълум. К. конлари Олтинтоғ, Туркистон, Қоратепа, Зирабулоқ - Зиёвуддин, Султонувайс тоғи, Ҳисор тоғларида бор. Хорижда К. конлари Россия Федерацияси (Приморе), Украина, Малайзия, Таиланд, Индонезия, Хитой, Боливия, Нигерия ва бошқа жойларда аниқланган. К. — қалайнинг асосий рудаси. Айни вақтда консентратдан Нб, Та каби ноёб металлар ҳам ажратиб олинади. Олтинтоғ К. рентгенограммаси дунёда қабул қилинган Аниқлагич (Михеев, 1957)да эталон сифатида қабул қилинган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил