Qayumars
Қаюмарс — туркий ва форсий халқлар оғзаки ижоди ва ёзма адабиётида кенг тарқалган афсонавий образ. Қ. ҳақидаги афсонанинг турли вариантлари қадимий ёзма манбалардан "Авесто", "Тарихи Табарий" (Табарий), "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" (Беруний) ва бошқалар асарларда бор. Қ. "Авесто"да Гая Маретан, Гая Мартан деб юритилган. С.П. Толстовнинг фикрича, Қ. — "Гавомард" сўзидан келиб чиқиб "Буқа одам", маъносини англатган ва у Хоразмда яшаган.
Беруний Қ.нинг "Гиршоҳ" (Тоғ шоҳи) ҳамда "Гилшоҳ" (Лойшоҳ) деган лақаблари бўлганини ёзади ва Қ. сўзининг таржимаси "тирик", "сўзловчи" эканини билдиради. Қ. ҳақидаги афсонанинг Беруний асаридаги баёнига кўра, Аҳриманнинг қилмишларидан худо ҳайратда қолади ва унинг пешонасидан тер чиқади. Терни артиб ташлаганда, тер донасидан Қ. пайдо бўлади. Худо Қ.ни Аҳриман ёнига жўнатади. Қ. Аҳриман ёнига келиб, унинг елкасига миниб олади ва шу ҳолда дунёни айлана бошлайди. Аҳриман ҳийла билан Қ.ни елкасидан улоқгириб ташлайди ва устига миниб олиб, бош томонидан ея бошлайди. Белига етганида Қ уруғдонидан ерга икки дона уруғ тушади. Улардан ўсимлик униб чиқади. Ўша ўсимликлардан бир қиз ва бир ўғил (Меши ва Мешона) пайдо бўлади. Уларни форслар Одамато ва Момоҳаво деб, хоразмликлар Мард ва Мардона деб атайдилар. Бу афсонанинг бошқа вариантлари ҳам кўп. Қ. ҳақидаги барча афсоналарда Қ адолат учун қурашувчи, кишиларни жамият бўлиб яшашга ўргатувчи, ҳаёт ва яхшилик тимсоли сифатида намоён бўлади, доимо ёвузликка (девлар ва инсжинсларга) қарши курашади.
Қ образи тасвирий санъатда ҳам акс этган; 1932-йил Таллибарзу (Самарқанд яқини)да Қ.нинг ярим ҳўкиз, ярим одам шаклидаги тасвири чизилган сопол буюмлар топилган.
Адабиёт
- Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди, Т., 1980.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |