Кератит (юн. керас, кератос — мугуз, итис — яллиғланиш) — кўз мугуз (шох) пардасининг яллиғланиши. Вируслар (герпетик К.), баъзан бошқа микроорганизмлар қўзғатади. Мугуз пардага инфексия кириши, ёт жисмлар тушиб шикастланиши (тирналиш ва ҳоказо), грипп, сил, дифтерия каби инфексион касалликлар, шунингдек, организмда витамин А етишмаслиги ҳам К.га сабаб бўлиши мумкин. Ташқи таъсиротлар келтириб чиқарадиган (экзоген) ва умумий касалликлар пайдо қиладиган (эндоген) К., шунингдек,, юза (бунда мугуз парданинг юза қисмида инфилтрат вужудга келади) ва чуқур (бунда мугуз парда остидаги қаватлар ҳам касалланади) К. ажратилади. К.да бемор ёруққа қарай олмайди, кўз қизаради, ёшланади ва санчиб оғрийди. К. жиддий касаллик бўлиб, ўз вақтида даволанмаса ёки нотўғри даволанса, кўзга оқ тушиши ёки бошқа оғир асоратлар юзага келиши мумкин. Шунинг учун К.га хос аломатлар пайдо бўлиши ҳамон врачга кўриниш зарур.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил