Кешик (туркча кезик — навбат, ран) — хоннинг хос гвардияси. Чингизхон 1203 й. Шарқий Мўғулистонда ҳокимиятни ўз тасарруфига киритгач, К. тузилишига алоҳида эътибор қаратади. К. кундузги хос соқчилар ва тўнги хос соқчилардан иборат этиб тузилади. Кундузги хос соқчилар (тургеут) нинг сони 70, тўнги хос соқчи (кебтеул)ларнинг сони 80 нафардан иборат бўлади. К. таркибига, шунингдек, ўқчилар (хўрчи), ошпазлар (баурчи), ахтачилар, хўжалик ишлари мутасадди (черби)лари ҳам киритилган. Мўғул зодагонлари ва нўёнлари фарзандларидан ташкил қилинган К. таркибидан ҳарбий ҳаракатлар чоғида қўшиннинг илғорнда жойлашган, тинчлик онларида эса саройда соқчилик билан машғул бўлган баҳодирлар ҳам ўрин олган. К. соқчилари ҳар 3 кунда навбат алмашган. 1206 й. Чингизхон К. тузилишига сезиларли ўзгаришлар киритади, унинг сонини 10 минг нафарга етказади. Юан импе-риясининг асосчиси Хубилай даврида К.нинг миқдори 12 минг кишидан иборат бўлган. К. таркибини муттасил тўлдириб туриш мақсадида ҳар бир мингбошининг фарзанди ўзи билан 1 қариндоши ва 10 навкарни, ўнбошининг ўғли эса, 1 қариндоши ва 3 навкарни бошлаб келган. К. қаттиқ тартиб ва интизомга бўйсундирилган. Ўз навбати чоғида хизматга келмаган хос гвардиячи 1-марта 30 таёқ, 2-марта 70 таёқ, 3-марта эса, олдин 37 таёқ уриш билан жазоланган, сўнг К.дан бутунлай ҳайдалган. К. фақат хоннинг ўзи бевосита қўмондонлик қилган ҳарбий юришларда қатнашган. Лашкаргохда қурилган хон қароргоҳининг олдида баҳодирлар, ўнг томонида ўқчи ва кундузги хос соқчилар, К.нинг қолган 7 минг нафари чап томонида жойлашган. К. сафларидан Чингизхон барпо этган армиянинг кўпдан-кўп атоқли саркардалари етишиб чиққан.

Адабиёт

  • Бартолд В.В., Чингизхан и монголи, Сочинения, т.1, М., 1963.

Ҳамидулла Дадабоев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил