Кета балиғи — (инглизча: „Чум солмон[1]“ ёки „Дог Солмон“)- Чум лосослари номи билан ҳам танилган бўлиб, Шимолий Тинч океани ҳамда Берингиан[2] Арктикасининг қирғоқларида яшайди. Инглизча „Чум солмон“ номи Чинук жаргони[3] дан олинган бўлиб, „белгиланган“ деган маънони англатади.

Бу балиқнинг чавоқлари увилдириқдан чиққанидан кейин дарёларда катта бўлади. Шунинг учун ҳар йили ёз ойларининг ўрталарида Тинч океанига қуйилувчи дарёларда кета балиқларининг тўдаси пайдо бўлиб қолади — улар бу ерга уруғ ташлагани келади. Балиқлар сув оқимига қарши сузиб, унинг дўнгликларидан айланиб, дарё бошланадиган жойга келади. Дарёнинг қум ва майда шағаллар билан қопланган тубида кета чуқурча ковлаб уя қуради. У увилдириқларини шу чуқурчага ташлаб, думи билан унинг устига шағал ёпиб қўяди. Ва икки ҳафта ўз уясини душманлардан ҳимоя қилиб пойлаб ётади.

Куз ва қиш бўйи увилдириқ уяда туради. Баҳорда ундан митта балиқчалар пайдо бўлади. Улар дарёда узоқ турмай, балки, оқимга бўйсуниб ота-оналари келган денгиз, океан томон тўда-тўда бўлиб сузиб кетишади. Митти балиқча океанда улғайиб, катта балиққа айланади. 3-5 йилдан кейин эса қаерда дунёга келган бўлса, ўша жойга йўл олади. Улар ота-оналари бир пайт сузиб ўтган дарёни бехато топиб, йўлида учраган ўша дўнгликларни айланиб, худди ўша жойнинг ўзига янги уя қуради[4].

Кеталарда шундай хусусият ҳам бор: у денгизда кумушранг кўринса, дарёга кирган заҳоти ранги ўзгаради: балиқларнинг баъзилари сариқ, айримлари тўқ қизил, яна бошқалари бинафша рангда товланади. Дарёга кираётганда кета тана шаклини ҳам ўзгартиради. Дарёда унинг елкасида дўнгча пайдо бўлиб қолади. Дарёда унинг елкасидаги дўнглик унча катта эмас, унинг қариндоши бўлган букри балиқ нинг елкасидаги „букри“си эса анчагина кўтарилган бўлади.

Кетанинг яқин қариндошлари кўп: букри балиқ, нерка, чавичалар[5]. Уларнинг яшаш тарзи худди кета балиғиникига ўхшайди. Бу балиқларнинг ҳаммаси Узоқ Шарқ лосослари дейилади. Бундан ташқари асл лосослар: сёмга[6], Қора ва Каспий денгиз лосослари, кўл лососи, кумжа ва форел ҳам мавжуд. Бу балиқлар ҳам худди кетадай океан, денгиз ёки катта кўлларда яшайдилар, болалагани эса дарёларга жўнайдилар. Фақат форел унча узоққа кетмайди. Одатда у бир дарёда яшаб, ўша ерда увилдириқ қўяди.

Манбалар

  1. ↑ „чум солмон“ (инглизча). wикипедиа.
  2. ↑ „Берингиа“ (инглизча). wикипедиа.
  3. ↑ „чинук жаргони“ (инглизча). wикипедиа.
  4. ↑ „"У ким бу нима" болалар энсиклопедияси“. зиё.уз. Қаралди: 8-ноябр 2022-йил.
  5. ↑ „чавича, нерка балиг'и“. э-либрарй.намду.уз. Қаралди: 8-ноябр 2022-йил.
  6. ↑ „сёмга балиг'и ҳақида“. стафф.тииаме.уз. 2022-йил 8-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 8-ноябр.