Кетоз — кавш қайтарувчи ҳайвонларда оқсил ва углевод алмашувининг бузилиши билан кечадиган касаллик. Овқат ҳазм бўлмаслик — қонда ацетон (кетон) таначаларининг юқори даражада сақланиши ва уларнинг кўп миқдорда сийдик, сут ва нафас орқали организмдан чиқиши билан кечади. Бу касаллик билан сигирлар (5—8 ёшида; сут бериш даврида) ва она қўйлар, она чўчқалар касалланади. Касаллик организмда углевод — еғ модда алмашинувининг бузилиши натижасида глюкоза етишмаслиги сабабли юзага келади. Юқрри маҳсулдор сигирларнинг кўп сут бериши даврида рационда оқсил моддалари кўпайиб, енгил ҳазм бўладиган углеводли озуқалар етишмаслигида катта қориндаги микрофлоранинг ферментатив фаолияти бузилиши натижасида ёғ ва сут кислоталари кўпайиб, пропион ва сирка кислоталари камайиб кетади. Шунингдек, бу касалликнинг келиб чиқишида кам ҳаракатлилик, ҳайвонни бир жойда боғлаб қўйиш ҳам сабаб бўлади. Ҳайвонда овқат ҳазм қилиш, юрак, жигар фаолияти бузилади, касаллик бошланган кунлардан ҳайвон титрайди, тишларини ғижирлатади, гандираклайди, иштаҳаси пасаяди, катта қорин ва ичак пересталтикаси камайиб, ахлат чиқиши қийинлашади. Сийдик камаяди, теридан, нафасидан, сийдикдан ацетон ҳиди келади. Сути камаяди. Тузалган сигирларнинг кўпчилиги қисир қолади. Ташхис клиник белгилари ва қонда, сийдикда ацетон таначаларининг аниқланиши билан қўйилади.

Даволаш: парҳез қилинади. Дастлабки 3—4 кунда рациондаги тўйимли озуқалар 50—20% га камайтирилади ва микроэлементлар, витаминлар қўшилади. Венага глюкоза юборилади, 5% ли сода ичирилади.

Олдини олиш: маҳсулдор сигирлар рационида углевод-протеин балансини ўт уни, пичан, илдизмевалар, витаминли, микро- ва макро элементли минерал қўшимчалар бериш билан меъёрга келтириш ва касал ҳайвонларни кўпроқ юргизиш керак.

Абдулла Қурамбоев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил