Кибернетика институти, „Замонавий информацион технологиялари“ илмий техника маркази қошидаги Кибернетика институти — кибернетика масалалари билан шуғулланадиган илмий муассаса. Ўзбекистон Фанлар академияси В.И. Романовский номли Математика институтида 1956-йил „Ҳисоблаш техникаси“ бўлими ташкил этилди. Бу бўлим қисқа вақт ичида халқ хўжалигининг муҳим ва зарур масасаларини ечишга киришди. 1959-йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб „Урал1“ ЭҲМ си ишга туширилди. 1961-йилда „Ҳисоблаш маркази“ ташкил этилиб, унда М-20 ЭҲМ си ишга туширилди. 1963-йилда „Ҳисоблаш маркази“ Механиқа институти таркибига киритилди. 1966-йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳисоблаш марказли Кибернетика институти, 1978-йилда шу институт негизида Ўзбекистон Фанлар академияси „Кибернетика“ илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил қилинди. 2001-йилдан бирлашма „Замонавий информацион технологиялари“ илмий техника марказига айлантирилди. Марказ таркибига К. и., хўжалик ҳисобидаги „Алгоритм“ илмий тадқиқот институти, Автоматика ва ҳисоблаш техникаси махсус лойиҳа-конструкторлик бюроси киради. Ўтган двар мобайнида бирлашманинг фаол катнашуви билан 108 та ахборот-ҳисоблаш марказлари яратилган, 200 дан ортиқ автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ишга туширилган, 400 дан ортиқ ЭҲМ ишлатилган. Институтда 100 дан ортиқ фан доктори, 800 дан ортик, фан номзоди тайёрланган. Илмий йўналишлари: янги ахборот технологияларини яратиш; моделлаштириш, бошқариш, сунъий тафаккур ва алгоритмлаш муаммоларини ечиш. Институтда 17 лаборатория илмий тадқиқот ишларини олиб боради, 200 дан зиёд ходим фаолият кўрсатади. Жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси академикларидан В.К.Қобулов, Ф.Б.Абуталиев, Т.Ф.Бекмуродов, Б.А.Бондарёнко, Т. Бўриев, М.М. Комилов фаолият кўрсатмоқда.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил