Кигали

Кигали — Руанда пойтахти. Кигали префектурасининг маъмурий маркази. Мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган. Аҳолиси 400 минг кишидан зиёд (1990-йиллар ўрталари). Июл ва август ойлари қуруқ мавсумли экваториал муссонли иқим, ўртача ойлик температура 20—21°; йиллик ёғин 1000 мм дан ортиқ.

Кигали — мамлакатнинг савдо ва саноат маркази. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Автомобил йўллари тугуни. Шоссе йўллари орқали Уганда, Бурунли ва Танзания давлатлари билан боғланган. Озиқовқат (кофе, чойни қайта ишлаш, пиво пишириш, алкоголсиз ичимликлар тайёрлаш), кўн поябзал ва тўқимачилик (ип газлама) саноати корхоналари; мебел, гугурт фабрикалари; металлконструксиялар заводи, автомобил ремонти устахоналари бор. Шаҳар атрофида кофе, чой плантациялари; қалай эритиш корхонаси жойлашган.

Кигали 1898-йилдан Германия резидентининг Руандадаги қароргоҳи бўлган. 1908-йилда қарбий пост тузилган. 1922-йилдан Белгиянинг Руанда-Урунди мандатидаги, 1946-йилдан васийлигидаги ҳудудининг маъмурий маркази. 1962-йилдан мустақил Руанда пойтахти.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил