Киропол, Кира, Киресхата — Туронзаминда мавжуд бўлган энг қад. шаҳар-қалъалардан бири (милоддан аввалги 6 — ИИ асрлар). Ҳозирги Ўратепа (Тожикистон) яқинидаги Ҳавотаг мавзеида, Нижонисой (Шахристонсойнинг қуйи қисми) нинг сўл қирғоғида жойлашган Нуртепа шаҳри ҳаробаси К. ўрнида бўлган. Ахоманийлар подшоси Кир ИИ асос солган шаҳар. Ахоманийлар давлатининг шим.-шаркдаги энг чекка шаҳри. Кир ИИ даврида Туроннинг энг муҳим шаҳарларидан саналган. Тарихий манбаларга (Арриан, Квинт Курсий Руф ва бошқалар) кўра, Искандар Мақдуний (қаранг Александр) сакларга қарши Сирдарё бўйида Александрия Эсхата шаҳрини бунёд этишни режалаштирган пайтда, юнонлар томонидан аввалроқ олинган Уструшонада шаҳар-қалъалар ўнга қарши бош кўтарганлар ва юнон-македон гарнизонларини қириб ташлаб тезликда шаҳарқалъаларни мустаҳкамлашга киришганлар. Искандар орқага қайтиб исёнкор шаҳар-қалъаларни бўйсундиришга киришишга мажбур бўлган. Искандар пиёда аскарларига шаҳар деворларини ишғол этиш учун нарвонлар тайёрлашни буюрган, саркардаларидан бири Кратерга бу ўлкадаги энг катта шаҳар ҳисобланган К.ни қамал қилишни топширган. Бундан мақсад қўзғолон кўтарган бошқа шаҳарларга кўмак беришдан К. аҳолисини маҳрум этиш эди. Искандар 5 та исёнкор шаҳарни эгаллагач, Кратерга ёрдамга келган. К. бошқа шаҳарларга қараганда баландроқ мудофаа девори билан ўралганди. К.да кўплаб мустаҳкам бинолар бўлиб, уларда ахоманийлар ва уларнинг ноибларига бўйсунишни истамаган эрксевар маҳаллий зодагонлар яшаган. Бесс ва бошқа исёнкор ноиблар шуларга таянган. Бесс Артаксеркс номини олиб ўзини форс шоҳларининг вориси деб эълон қилганида ўнга қарши чиққанлар. Искандар ҳам шундай даъво қилганида ўнга ҳам қарши исён кўтарганлар. Шаҳар мудофаачилари сони 18 минг кишидан ортиқ эди. Искандар шаҳар қамали учун девортешар қурилмаларни ўрнатишни буюрган. Деворнинг бир жойидан шаҳар ичкарисига кирадиган дарёнинг қуруқ ўзани орқали Искандар қўриқчилари ва ўқчилари билан яширин равишда шаҳар ичкарисига кириб олган. Сўнгра энг яқин ерда жойлашган дарвозани эғаллаб, қолган қўшинини шаҳарга киритган. К. майдонида шиддатли жанг содир бўлган. Искандарнинг гардани (бўйни) ва бошига тош тегиб оғир жароҳатланган. Македон қўшини К.ни эғаллаган, шаҳар ҳимоячилари қўрғонга яширинишган, бироқ бир кундан сўнг сувсизликдан қолдан тойиб таслим бўлишган. К. мудофаасида 8 мингга яқин киши ҳалок бўлган. К. вай-рон қилинган, шаҳар бундан тўла ўзига келмаган ва милоддан аввалги ИИ асрда ташландиқ ҳолга келиб қолган. Шаҳар аҳолиси Сирдарёга яқин ерга кўчиб янги қишлоқ барпо этишган ва уни яна К. деб аташган. Кейинчалик бу атама Курукада — Куркат кўринишида бугунги кунимизгача етиб келган.

Адабиёт

  • Арриан, Поход Александра, М.— Л., 1926; Курсий Руф Квинт, История Александра Македонского, М., 1963; Бартолд В.В., Сочинения, т.З, М., 1965; Беляева Т.В., К исторической топографии городов Устрўшани [Древняя и средневековая археология Средней Азии], Т., 1990; Ртвеладзе Э., Великий шёлковий пут, Т., 1999.

Фахриддин Ҳасанов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил