Киш — Бобилдан 18 км шим.шаркда жойлашган қад. шаҳар (Ироқдаги ҳозирги Охеймир шаҳри ҳаробаси). Мил. ав. 4-минг йиллик охири — 3-минг йиллик бошларида қад. қишлоқ ўрнида вужудга келган. Қад. Месопотамия давлатларидан бирининг маркази (милоддан аввалги 28 аср). К. милоддан аввалги 28 асрда шумер қабилаларининг 1-уюшмасига раҳбарлик қилган (К. И-сулоласи даврида), лекин милоддан аввалги 27 асрда Урук шаҳри билан бўлган курашда ўз устунлигини йўқотган. Милоддан аввалги 27— 25 асрларда К. ҳокимлари Шим. Шумерда ўз мавқеларини сақлаб туришга интилганлар. 24 асрнинг 1-ярмида Урук ва Умма шаҳарлари ҳокими шумерлик шоҳ Лугалзаганси К.ни вайрон қилган, лекин тез орада шаҳар Аккад шоҳи Саргон томонидан қайта тикланган. Кейинчалик Бобил, Ахоманийлар давлати, Парфия подшолиги ва Сосонийлар давлатининг йирик вилоят маркази бўлиб, мустақил рол ўйнамаган. 1912 йилда франсуз ва 1923—32 йилларда инглиз археология экспедицияларининг қазишмалари натижасида сарой, илк сулола даврига оид некропол (милоддан аввалги 3-минг йиллик), сопол идишлар, жез қуроллар ва тақинчоклар, силиндр шаклидаги муҳр, аккад даври бинолари, миххат ёзувлари архиви ҳужжатлари (милоддан аввалги 3-минг йиллик боши — 1 минг йиллик) топилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил